Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони ва EFC промоушени эгаси Ҳабиб Нурмагомедов 2021 йилги режалари билан ўртоқлашди.
«Жорий йилдаги сўнгги мусобақа — EFC 31 ортда қолди. Ризвон Куниев ва Владимир Дайнеко ўртасидаги жанг мусобақа безаги бўлди. Ризвонни чемпионлик ҳимояси билан табриклайман, Владимирга эса тезроқ қайтишни тилаб қоламан.
Келаётган йил мусобақаларга жуда бой бўлади, шу сабаб бизнинг лигани диққат билан кузатиб боринг. Ишонтириб айтаман, бу қизиқарли ва томошабоб бўлади. Кейинги йилда кўришамиз.
2021 йилнинг биринчи ярмида Абу-Даби (БАА), Москва, Краснодар, Санкт-Петербург, Тошкент ва Олмаотада мусобақалар ўтказишни режалаштириб қўйганмиз», — дейди Нурмагомедов.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб GFC промоушенини 1 миллион еврога сотиб олди ва унинг номини EFC’га (Eagle Fighting Championship) ўзгартирди. Аввалроқ россиялик яккакурашчи Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2021 йилнинг май ойида Тошкентда мусобақа ўтказиш режаси борлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)