Австрия канцлери Себастьян Курц коронавирусга қарши курашиш учун мамлакатда учинчи карантин жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Канцлернинг маълум қилишича, чекловлар 26 декабрдан 24 январгача амалда бўлади. Чекловлар шошилинч ҳолатлардан ташқари уйдан чиқишга тақиқни назарда тутади. Дўконлар иши тўхтатилади, яшаш учун зарур маҳсулотлар сотадиган дўконлар ўз ишини давом эттиради.
Курцнинг қўшимча қилишича, 15—17 январь кунлари COVID-19 аниқлаш бўйича оммавий тест ўтказилади. Тестларда қатнашганлар мамлакат бўйлаб нисбатан эркинроқ ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Пандемия бошидан буён Австрияда коронавирус билан касалланиш бўйича 330 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 5,1 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Австрияда 17 ноябрдан иккинчи карантин жорий қилинганди. Декабрь ойининг бошида Австрияда коронавирусни аниқлаш бўйича аҳолини оммавий тестдан ўтказиш бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)