Самарқанд вилояти Нарпай туманида 2 000 та терак дарахтининг қуриб қолишига сабабчи бўлган масъул жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, дарахтлар “Йўллардан фойдаланиш” корхонасига тегишли бўлган ҳудудда ҳақиқатдан ҳам 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган.

Аммо терак кўчатларига корхона масъуллари эътиборсизлик қилиши оқибатида улар сувсизликдан қуриб, нобуд бўлган.
Ҳудудга бириктирилган масъул Б.И.га эса жорий йилнинг 23 апрель куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 10 баробари миқдорида жарима қўлланилган ва табиатга етказилган зарар миқдори аниқланиб, тегишли ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Аввалроқ ҳам ушбу масалада “Фуқаро қонунларни бузгани учун давлатга, табиатга етказилган 372 миллион сўм зарарни тўламаслик мақсадида давлат инспекторларига босим ўтказишга уринмоқдами?” сарлавҳали расмий муносабат эълон қилинганди.
Унда етказилган зарар 372 миллион сўмлиги маълум қилинган.
Изоҳ (0)