Тошкент шаҳрида қизил рангдаги тунги автобусларнинг илк йўналиши 2025 йилнинг охирига қадар иш бошлайди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар қилинди.
Автобуслар 15 та йўналишда Аэропорт, Вокзал ва Туризм кўчалари бўйлаб соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланади. Улар қизил рангда бўлиб, оралиқ интервали дастлаб 30 дақиқани ташкил этади.
Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Оллоёр Норбўтаевнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус 2 босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 8 та йўналиш бўлиб, жами 136 км йўлни қамраб олади. Мазкур йўналишларда 31 та автобус ҳаракати йўлга қўйилади. Бунинг учун 19,1 миллиард сўм маблағ йўналтириш зарур.
Иккинчи босқичда эса 7 та йўналиш 98 километрлик йўлдан ўтиб, ҳаракатга 23 та автобус жалб этилади. Бу учун ҳам 14,2 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган.
“Уларнинг рақами ҳам Т дан бошланадиган қилиб таклиф берганмиз, яъни Т1, Т2, Т3 деб. Мана шу йилнинг охиригача Т1 йўналишимизни очишни режалаштирганмиз”, деган Оллаёр Норбўтаев.
Унинг сўзларига кўра, Т1 йўналиши Бектемир туманининг Ҳусайн Бойқаро кўчасидан Қўйлиқ бозори тарафга ҳаракатланиб, Қўйлиқ бозоридан ҳозирги Хонободтепа шоҳ кўчаси орқали юради ва жорий йилнинг охирига қадар ишга туширилади.
Аввалроқ Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг йиғилишида пойтахтда тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланадиган қизил рангли автобуслар йўлга қўйилиши мумкинлиги айтилганди.
Изоҳ (0)