Нидерландиянинг Tommy Hilfiger, Германиянинг Hugo Boss каби дунёга машҳур брендлари номидан рухсатсиз фойдаланиб, кийим-кечак ишлаб чиқариб сотаётганларга чора кўрилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, вазирлик Tommy Hilfiger товар белгиси ҳуқуқлари “П.Б.” МЧЖ томонидан бузилаётгани тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиққан.
Ўтказилган текширув натижасида “П.Б.” МЧЖ томонидан Tommy Hilfiger товар белгисига ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган контрафакт трикотаж маҳсулотлар сотувга таклиф этилаётгани аниқланди. Ҳолат бўйича вазирлик томонидан “П.Б.” МЧЖга нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилди. Контрафакт кийим-кечак маҳсулотларидан Tommy Hilfiger товар белгиларини олиб ташлаш, бунинг имкони бўлмаган тақдирда, тегишли товарларни йўқ қилиш мажбурияти юкланди, дейилади манбада.
Шу билан бирга, вазирлик BOSS белгисидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатига ҳам чек қўйганини билдирди. Таҳлил қилинишича, Hugo Boss брендига 1924 йилда Германияда асос солинган бўлиб, 2024 йилда компания савдолари 4,3 миллиард еврони ташкил этган.
Агар мазкур компания асосчилари ҳам осон даромад кўриш мақсадида бошқаларнинг “брендини ўғирлаш” йўлини танлаганларида ҳозирги кунда дунёни забт этган халқаро брендлардан бири бўлмиш Hugo Boss мавжуд бўлмас эди. Бироқ айрим “уддабурон” тадбиркорлар томонидан тезда бойиб кетиш мақсадида бошқаларнинг меҳнат маҳсули натижасида узоқ йиллар мобайнида яратилган брендлардан рухсатсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хусусан, адлия органлари томонидан Hugo Boss А.Г. компаниясининг (Германия) барчамизга таниш бўлган BOSS товар белгисига бўлган ҳуқуқлари “Ж.М.” ЯТТ томонидан бузилаётгани тўғрисидаги мурожаат кўриб чиқилди, дея хабар берди манба.
Ўтказилган текширувда “Ж.М.” ЯТТ BOSS бренди белгисидан ноқонуний фойдаланиб, ўз дўкони пешлавҳасига осгани аниқланган. Бу орқали сотувчи бу дўконда оригинал BOSS товарлари сотилади деган мазмунни ифодалашга уринган ва мўмай даромад олмоқчи бўлган.
Вазирлик изоҳига қараганда, аксар истеъмолчилар машҳур бренд кийимларини арзон харид қилдим деб қувонади, аслида уларни “бренд ўғрилари” чув туширганини сезмайди.
Ҳолат бўйича адлия органлари томонидан “Ж.М.” ЯТТга нисбатан тегишли таъсир чораси қўлланилган ҳолда BOSS товар белгисининг дўкон пешлавҳасидан олиб ташланилиши таъминланган.
Изоҳ (0)