Академик Раъно Убайдуллаева 84 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Фанлар академияси.

Фото: «Islomkarimov.uz»

Маълумот учун, Раъно Убайдуллаева 1936 йил Тошкент шаҳрида туғилган, иқтисодчи олима, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор.

У 1958 йилда Тошкент молия-иқтисод институтини тугатган. 1958—1960 йилларда Ўзбекистон ФА Иқтисодиёт институтида лаборант, 1960—1963 йилларда аспирант, 1963—1964 йилларда кичик илмий ходим, 1964—1966 йилларда катта илмий ходим, 1967—1978 ва 1992—1993 йилларда бўлим бошлиғи, 1978—1990 йилларда директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

Раъно Убайдуллаева 1993—1997 йилларда Ўзбекистон меҳнат вазири ўринбосари, 1998 йилдан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори сифатида ишлаган.

Илмий ишлари Ўзбекистонда меҳнат ресурсларидан, хусусан, аёллар меҳнатидан фойдаланишнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, оила, аҳолишунослик, жамоатчилик фикрини ўрганиш масалаларига бағишланган.

Аввалроқ Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомжурналист ва ёзувчи Сотволди Ражабов ҳамда таниқли шахмат шарҳловчиси Акром Тошхўжаев вафот этгани ҳақида хабар берилганди.