Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий-иқтисодий, ҳарбий, маданий алоқалар ривожланишнинг юқори босқичларида давом этмоқда, деб хабар беради ДХХ матбуот хизмати.
2019 йилнинг февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи билан Туркия давлатида бўлиши, ўз навбатида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга амалий ташриф билан келиши икки мусулмон давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади.
Шундан сўнг томонларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳам бир неча бор ишчи учрашувлари ўтказиб, ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, биргаликда халқаро терроризм ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашишга келишиб олди.
Икки давлат ўртасида «Ўзбекистон билан Туркия ўртасида экстрадиция тўғрисидаги битим» имзоланиб, кучга кирди.
Мазкур битимга кўра, эндиликда томонлар ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни бир-бирларига ушлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Таъкидланишича, ҳозирда махсус хизматлар ўртасида ишчан руҳдаги мулоқотлар давом этаётган бўлиб, келгусида Туркия ҳудудида бўлган кўплаб халқаро қидирувдаги Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга экстрадиция қилиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)