Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Қашқадарё вилоятида етиштирилган помидор ва қалампир маҳсулотларини Россия ҳудудига олиб киришга 11 декабрдан бошлаб тақиқ қўйди. Бу ҳақда «Росселхознадзор» матбуот хизмати маълум қилди.
Қашқадарёдаги Sunny land компанияси томонидан экспорт қилинган маҳсулот карантинли фитосанитария назоратидан ўтказилганда уларда жигарранг буришиш вируси (tomato brown rugose fruit virus) аниқлангани туфайли шундай қарор қилинган.
«Росселхознадзор» 26 ноябрь куни Фарғона вилояти, 4 декабрь куни Навоий вилоятидан Россияга олиб келинадиган помидор ва қалампирларда ҳам шундай вирус аниқлангани сабабли тақиқ қўйганди. Кейинчалик, қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғизи аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий этди.
Бундан ташқари, 8—9 декабрь кунлари Росселхознадзор бошқа мамлакатлардан бир қатор маҳсулотларни олиб кириш тақиқланганлигини эълон қилди. Хусусан, 10 декабрдан Озарбайжонда етиштирилган помидор ва олмаларни Россияга олиб кирилишини тақиқлайди. Бунга ушбу маҳсулотларда зараркунандалар топилгани сабаб бўлди.
14 декабрдан бошлаб Арманистоннинг Армавир вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирларнинг Россия ҳудудига олиб кирилишини тақиқлаб қўйди. Ушбу қарор Армавир вилоятида етиштириладиган сабзавотларда пепино мозаикаси вируси аниқлангани сабаб қабул қилинган. Фитосанитария назорати вирусни октябрь ойида аниқлаган.
Изоҳ (0)