Наманганлик спортчи ва волонтёр Гулсанам Алижонова Тошкентда ўтказилган таэквондо WTF бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Гулсанам Алижонова 73 килограмм вазн тоифасида барча рақибларидан устун келди. Финалда ўтган йилги чемпион Диёра Ғофуржонованинг енгиб, шоҳсупага кўтарилди.
—2018 йилги мамлакат чемпионатида совриндор бўлгандим. Яратганга шукр, бу йил ғолиб бўлиш насиб этди. Олтин медалимни онамга бағишлайман, чунки чемпион бўлишимда мураббийларим қатори у кишининг хизмати жуда катта, — дейди Гулсанам.
Алижонова эндиги асосий мақсади 2024 йили Францияда бўладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ва олтин медални қўлга киритиш эканлигини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Наманганда икки эркакни дўппослагани учун 2020 йилнинг 8 сентябрь куни 23 ёшли Алижоновага нисбатан тергов иши қўзғатилганлиги айтилганди. Бироқ ҳодиса жамоатчилик диққатига тушиб, кўпчилик қизни ёқлаб чиқди. Алижонова пандемия даврида волонтёрлик ишлари билан шуғуллангани маълум бўлди. Саида Мирзиёева ҳам фикрини билдирди.
Шундан кейин Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси жиноят иши юзасидан вилоят прокуратурасига жазони енгиллаштириш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди, Ёшлар иттифоқи эса қизни кафилликка олди. Шу тариқа таэквондочи қизга қарши қўзғатилган жиноят иши тугатилганди.
Мавзуга доир: Гулсанам Алижонова: Бўлиб ўтган ишлардан хулоса чиқардим. Энди бор эътиборимни спортга қаратаман
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)