Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли буйруғи билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғига янги ўринбосарлар тайинланди.
Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, Хўжаакбар Файзуллахўжаев ва Азизбек Юнусов Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосарлари этиб тайинланди.
Хўжаакбар Файзуллахўжаев бунга қадар Юнусобод туман ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Азизбек Юнусов бунга қадар Миробод тумани ҳокими ўринбосари — туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
2020 йилнинг июль ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига бошлиқ тайинланиб, ушбу лавозимни 2018 йилдан Наманган вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келаётган Муҳаммадзокир Маматхонов эгаллаганди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги собиқ раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Улар пора олиш, пора бериш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган. 2019 йилнинг август ойида уларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.
Изоҳ (0)