Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармасининг янги раҳбари Тўлқин Каримов жамоатчиликка таништирилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, бошқарманинг янги бошлиғи Тўлқин Каримов айни кунга қадар Шаҳрисабз шаҳрини бошқариб келаётганди.У 1973 йил Шаҳрисабз шаҳрида туғилган бўлиб, Тошкент молия институтида таҳсил олган. 2018 йил Шаҳрисабз шаҳри ташкил этилгач, шаҳарга ҳоким этиб тайинланган эди.
Эслатиб ўтамиз, бошқарманинг собиқ бошлиғи Фарҳод Очилов лавозимига тайинланганига энди бир ой бўлганди. Ундан олдинги раҳбари Абдуғани Ҳимматов эса Деҳқонобод туман халқ таълими бўлимига раҳбарлик қилган вақтида камомад қилишда айбланиб, терговга чақирилган. Айни кунда собиқ бошлиқ ишини суд кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)