Қозоғистоннинг йирик Magnum Cash&Carry савдо тармоғи Тошкентда филиалини очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бир гуруҳ қозоғистонлик тадбиркорлар иштирокида ўтказилган учрашувда компания бошқарув раиси Азамат Османов маълум қилди.
«Бизга шаҳарнинг ривожланиш режаси, қаерга кетяпти, қандай кетяпти, ишончли девелоперлардан қайси бири бизга шерик бўла олиши ҳақидаги маълумотлар билан ёрдам беришингизни сўраймиз. Биз ўзимиз билан инвестиция олиб келамиз», — дейди тадбиркор.
Унинг сўзларига кўра, катта ҳажмдаги формат доирасида ҳар бир нуқта учун инвестициялар ҳажми 5 миллион долларни ташкил этади.
«Биз савдо марказига ёки унинг эгасининг активларига инвестиция киритамиз. Битта дўконда 500 тагача иш ўрни, кейинги йили 6 тагача савдо нуқтасини очиш режамиз бор», — дейди Азамат Османов.
Компания ёз ойидаёқ Ўзбекистонда савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш бўйича ариза берган, сентябрда эса ходимларни ишга олишни бошлаган эди.
Июль ойида Magnum Cash&Carry раҳбари Азамат Османов компания ўзининг савдо маркасини ривожлантираётгани, e-commerce сегментида, тайёр таомларни етказиб бериш сегментидаги операцияларни ривожлантиришни режалаштираёганини маълум қилган.
Spot’нинг «Forbes.kz»га таяниб ёзишича, 2019 йил якунларига кўра, компания Қозоғистондаги энг йирик хусусий 50 та компаниялар орасида 10-ўринни эгаллаган (430 миллион доллар даромад ва 5,1 миллион доллар соф фойда).
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида халқаро бренддаги Carrefour супермаркет ва гипермаркетлар тармоғини очиш бўйича Akfa Group билан битим имзолагани маълум бўлганди. Макро тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфулин ўшанда Ўзбекистон бозори катта потенциалга эга эканлиги ва у яна бир неча савдо операторларини «ютиб юборишга» тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)