«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ (Uzcard) бош директори лавозимига Фаррух Ғолибшерович Зияев тайинланди. Бу ҳақда Юридик шахслар тўғрисидаги очиқ маълумотлар порталига таяниб, «Bankers.uz» Telegram-канали хабар берди.
Маълум қилинишича, Фаррух Зияев шу кунгача Uzcard бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Фаррух Зияев кўпчилик учун таниш бўлган Payme тўлов тизими асосчиларидан бири ҳисобланиб, мазкур тўлов тизими қарашли бўлган компания — «Inspired» МЧЖнинг 7,5 фоизлик улушига ҳам эгалик қилади.
Uzcard’нинг 2020 йил август ойида тайинланган бош директори Дилшод Икромовнинг қайси ишга ўтганлиги, хусусан, жамият раҳбарияти таркибида қолган ёки қолмаганлиги тўғрисида маълумот берилмаган.
Маълумот учун, 2020 йилнинг май ойида Ойбек Турсунов Uzcard’нинг устав жамғармасидаги 75 фоиз улуш эгасига айлангани, қолган 25 фоиз улуш эса Uzcard ҳисобида қолгани ҳақида хабар берилган эди. 8 август ҳолатига кўра, компаниянинг 51 фоизи Ўзбекистон Миллий банкига, 6 фоизи «Саноатқурилишбанк»га, 6 фоизи «Асака» банкига, 6 фоизи «Ипотека банк»га ва яна 6 фоизи «Алоқабанк»га тегишли.
Изоҳ (0)