Франция ҳукумати коронавирус инфекцияси туфайли жорий қилинган чекловларни босқичма-босқич бекор қилишни бошламоқчи, деб ёзади «РБК». 28 ноябрдан мамлакатда дўконлар очилади. Шунингдек, фуқаролар очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиши ва кўпи билан 30 кишилик диний тадбирларга бориши мумкин бўлади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэль Макрон эълон қилди.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, агар мамлакатдаги эпидемиологик вазият яхшиланса ва реанимациядагилар сони 2,5-3 минг кишидан ошмаса, ўзини ўзи яккалаш режими 15 декабрдан бекор қилиниши мумкин бўлади. Кинотеатрлар, театрлар ва музейлар очилади, шунингдек, бино ичидаги тадбирларга рухсат берилади. Айни вақтда 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати жорий этилади. Фақат Рождество ва Янги йил арафасида — 24 декабрь ва 31 декабрь кунлари истисно қилинади.
Агар шундан кейин мамлакатдаги вазият яхшиланишда давом этса, 20 январдан бошлаб бутун Францияда ресторанлар ва спорт заллари очилади. Мактаб ва университетларда қатнаб ўқиш қайта бошланади.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Франциянинг 2,205 миллиондан ортиқ аҳолиси коронавирусга чалинган, 50 мингдан зиёд киши вафот этган. Франция касалланиш даражаси бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан кейин тўртинчи ўринни эгалламоқда.
Октябрь охирида карантин ҳақида мамлакат президенти Эммануэль Макрон эълон қилган эди. У оммавий тадбирлар бекор қилиниши, кўп сонли одамлар тўпланадиган жойлар, хусусан, бар ва ресторанлар ёпилиши, бунинг имконияти бўлган барча корхоналарда масофадан ишлаш формати жорий этилишини айтганди. Шундан сўнг 30 октябрдан 1 декабргача умумий карантин жорий қилинди. Улгуржи савдо муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари, мактабдан ташқари машғулотлар ўтказувчи муассасалар, меҳмонхоналар, барча соғлиқни сақлаш муассасалари, жамоат транспорти ўз ишини давом эттиради.
6 ноябрдан эса Парижда COVID-19 туфайли тунда озиқ-овқат етказиб бериш ва спиртли ичимликлар сотиб олиш тақиқланди.
Изоҳ (0)