Испания қироли Филипп VI 23 ноябрь кунидан бошлаб 10 кунлик карантин режимига ўтди, деб хабар бермоқда El Pais’га таяниб «Коммерсантъ».
Маълум қилинишича, қирол коронавирусга чалинган одам билан мулоқотда бўлган. Ҳодиса 22 ноябрь якшанба куни бўлиб ўтган. Қирол аниқ ким билан учрашгани ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, бемор одам билан мулоқотда бўлганидан кейин қиролнинг ўзи коронавирус тестини ўтказганми ёки йўқми аниқланмаган. Унинг иштирокидаги барча тадбирлар бекор қилинган.
Жонс Ҳопкинс университетининг маълумотларига кўра, Испанияда пандемия бошланганидан бери 1 582 616 одам коронавирус билан касалланган. Беморларнинг 43 131 нафари вафот этган.
Испания ҳукумати 25 октябрь куни коронавирус тарқалиши сабабли юқори огоҳлантириш режимини жорий қилди. Мамлакатда соат 23:00 дан кейин комендантлик соати амал қилади ҳамда олти кишидан кўпроқ одам бир жойга йиғилиши тақиқланади. Кейинроқ мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режими 2021 йилнинг май ойигача узайтирилди.
Изоҳ (0)