Доллар нархи жаҳон валюта бозорида охирги 2,5 йил ичида илк бор минимум даражагача пастлади. АҚШ валютасининг пастлашига сабаб сифатида коронавирусга қарши самарали вакцинанинг пайдо бўлгани кўрсатилмоқда. Вакциналарнинг оммавий равишда қўлланилиши инвесторларни резерв валютага бўлган қизиқишини совитган, деб ёзмоқда Bloomberg.
Dollar Spot Index агентлиги доллар ва бошқа жаҳон валюталарининг кейинги ҳаракати АҚШ валютаси қийматининг 2018 йил апрелдаги минимумгача тушиб кетишига сабаб бўлганини қайд этган. Ушбу ҳодиса АҚШ ҳукумати мамлакатда уч ҳафтадан кейин вакцинация қилиш жараёни бошланиши эълон қилинганидан кейин юз берган.
Ўн йиллик ғазна облигацияларининг даромадлилик кўрсаткичи уч поғонага кўтарилиб, 0,86 фоизга етган.
Шунингдек, 23 ноябрь куни фунт ҳамда Норвегия кронасининг АҚШ долларига нисбатан нархи кўтарилган.
«Вакциналар ҳақидаги янгиликлар жаҳон иқтисодиёти яқин орада тикланишидан дарак бермоқда, шу сабабли ҳам қочиш учун жой топишнинг асосий активи бўлган долларга эътибор сусаймоқда. Бу таваккалли активлар учун жуда яхши ҳолат, аммо АҚШ доллари учун салбий вазият», – деган National Australia Bank Ltd. валюта стратеги Родриго Картил.
Шунингдек, эксперт долларнинг ноаниқлик кўпайган ҳолатларда ютиб чиқишини қўшимча қилган. Вакцинациялаш эса глобал иқтисодий ўсишнинг тикланишига хизмат қилиши, акциялар ва бошқа таваккалли инвестициялар нархининг ўсишини таъминлаши таъкидланган.
Аввалроқ Citigroup таҳлилчилари агар коронавирусга қарши вакциналар дунёда кенг тарқалса ҳамда савдо ва иқтисодий ўсиш кузатилса доллар курси 2021 йилда 20 фоизга пастлашини прогноз қилганди.Эслатиб ўтамиз, 23 ноябрда Ўзбекистон Марказий банки 24 ноябрдан хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилаган. Унга кўра АҚШ долларининг расмий курси 10 400 сўмдан ошган.
Изоҳ (0)