Молдованинг сайланган президенти Майя Санду Приднестроведаги вазиятни тартибга солиш учун ҳудуддан россиялик тинчликпарварларни чиқариш зарурлигини қайд этди.

Фото: «Коммерсантъ»

«Молдованинг федераллашувига қаршиман, Додон ва унинг партияси таклиф қилган вариантларга рози эмасман. Сабаби гарчи улар федераллашув ҳақида аниқ таклиф билдирмаган бўлса ҳам бу ҳақида гапирган. Низони ҳал этишнинг энг тўғри форматини топишимизга ишонаман. Унда россиялик тинчликпарварларнинг ҳудуддан тўлиқ чиқарилиши ҳам кўзда тутилиши зарур. Биз бу ҳақда ҳар доим гапирганмиз ва бундан кейин ҳам гапираверамиз»,— деган Санду «Европейская правда» нашрига берган интервьюсида.

Шунингдек, Санду ҳудуддаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан аниқ формат ҳанузгача ишлаб чиқилмаганлигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Майя Санду 15 ноябрда президентлик сайловларининг иккинчи турида 57,72 фоиз овоз олган, амалдаги президент Игорь Додон эса 42,28 фоиз овоз тўплаган. Сайловолди кампания вақтида Санду Европа иттифоқи сиёсатини жорий этишни таклиф қилганди.

Молдовада президентлик сайловларининг биринчи тури 2020 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтган. Унда Додон 32,74 фоиз натижа билан Сандудан ортда қолган эди (унда 35,96 фоиз овоз).

Молдовада президентлик сайловларини ўтказиш 2019 йилнинг июнида республиканинг Конституциявий суди Додонни депутатлар сўрови бўйича лавозимидан четлаштиргач белгиланган эди. Бу 2016 йили Додон президент этиб сайланганидан буён олтинчи маротаба четлаштириш ҳисобланади. Россия президенти Владимир Путин 16 ноябрда Майя Сандуни Молдова президенти сайловларидаги ғалабаси билан табриклаган.