Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Уни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда. Сенатнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда UzReport телеканали орқали онлайн кузатиб бориш мумкин.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Мажлисда 77 нафар сенатор, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этаётгани билдирилди.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилаётган мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.

Хусусан:
  • «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида.
  • «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари яна-да кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги;
  • «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Скриншот: UzReport

Бундан ташқари, мамлакат махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш, мамлакатда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ва иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, Россияда меҳнат фаолиятини вақтинча амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари фаолиятининг амалдаги ҳолати ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан, мамлакатда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этишда юзага келаётган муаммолар тўғрисида, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан, чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.
Скриншот: UzReport

Ялпи мажлис ўз ишини кун тартибидан ўрин олган еттинчи ва саккизинчи масалаларни кўриб чиқишдан бошлади. Унда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Ҳисоботни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ўқиб эшиттирди.

Кейинги, саккизинчи масалада «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижро этилиши кўриб чиқилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар