АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган ХХ асрда АҚШнинг Совет Иттифоқига нисбатан сиёсатини ўзгартириб юборган республикачилар партиясидан номзоди кўрсатилган давлат арбоби ҳисобланади. Президент этиб сайлангунча Рональд Рейган Голливудда кино актёри, АҚШ кино актёрлари гилдияси президенти ва Калифорния штати губернатори сифатида сиёсий доираларда танилди. Рейганнинг ҳаёти шу тариқа бир қатор қизиқарли воқеаларга бой бўлди...
Рональд Рейган биографияси
Собиқ президентнинг ота-онаси келиб чиқишига кўра, инглиз, ирланд ва шотланд миллатига мансуб аждодларга эга эди. Рейган ўрта ҳол оилада вояга етди ва унинг оиласи молиявий сабабларга кўра, тез-тез бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб, яшаш манзилларини ўзгартириб турарди. Шундай ҳаёт тарзининг бир кунида 1911 йилнинг 6 февраль санасида оиланинг иккинчи фарзанди Рональд Рейган дунёга келди.Рональд дадасининг Тампико шаҳри Иллинойс штатида ўз бизнеси бўлиб, 1920 йилда Рейган оиласи Иллинойснинг Диксон шаҳрига кўчиб ўтди. 1928 йилда ёш Рейган мактабни тугатиб, бир пайтнинг ўзида тансоқчи ва маҳаллий театр клубида кичик ролларни ижро этиб, оиласига ёрдам бера бошлайди. Спорт соҳасида грант ютиб олгач, Юридик коллежига ўқишга қабул қилинди.
Голливуддаги фаолият
Ўқишни тамомлагач, Рейган 1932 йилдан бошлаб Аёвадаги радиоэшиттиришлари компаниясида спорт шарҳловчиси сифатида ўз ишини бошлайди. 1937 йилда баланд бўйли, келишган ёш Рейган ўз олдига Голливудни забт этиш мақсадида Голливудга йўл олди. Мақсади амалга ошиб, бўлғуси президент Warner Brothers кинокомпанияси билан етти йиллик шартнома тузди.Кейинги йилларда Рейган 50 дан ортиқ киноларда суратга тушди. Бироқ кино соҳасидаги машҳурлик Рейганга кино саноатидаги касаба уюшмалари ортидан келди. 1937 йилда Рейган АҚШ кино саноати касаба уюшмалари ташкилотининг ташкил қилинишида фаоллик кўрсатди ва 1947 йилда Рейган АҚШ кино актёрлари гилдиясининг президентлигига сайланди.
Сиртқи ҳарбий ўқувлардан сўнг, Рейган захирадаги офицер сифатида лейтенант унвонида отлиқ қўшин таркибига кирди. Кўриш қобилиятидаги нуқсонлари сабаб ҳарбий хизматдан озод қилинди ва армия учун ҳарбий ҳужжатли фильмлар олиш билан шуғуллана бошлайди. 1950 йилларга келиб, Рейганнинг кино саноатидаги ўрни дарз кета бошлайди. Айни шу пайтда Рейганнинг сиёсий қарашларида ҳам жиддий ўзгаришлар кузатилди.
Сиёсий фаолиятнинг бошланиши
Рейган демократик партия аъзоси сифатида президент Франклин Рузвельтнинг сиёсий қарашларига хайрихоҳ эди. Ўз сиёсий қарашларини ўзгартиргач, Рейган сайловларда республикачи Дуайт Эйзенхауэр ва Ричард Никсонларнинг сиёсий қарашларини маъқуллай бошлайди. 1964 йилга келиб, Рейган Барри Голдуотернинг президентлик сайловолди курашида фаол иштирок этди. Рейганнинг машҳур «Танлов вақти» нутқи Голдуотерга бир миллиондан ортиқ овоз тўплашга ёрдам берди.Калифорния губернатори
Рейганнинг сиёсий нутқи, харизмаси калифорниялик республикачилар орасида шов-шувга сабаб бўлди. 1966 йилда Рейган номзоди Калифорния штати губернаторлигига номзод сифатида кўрсатилди. Калифорния губернаторлигига номзоди кўрсатилган Рейган, энг аввало, ижтимоий дастурларга таяниб қолган аҳоли қатламини «текинхўрларни» иш билан таъминлаш, Беркли университетини сиёсий норозиликни келтириб чиқараётганлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилди.Ўша пайтларда бир қатор университет талабалари ва профессорлари АҚШнинг ташқи сиёсатига қарши норозилик намойишлари ўчоғига айланганди. Рейган губернаторликка ўз номзодини кўрсатар экан, Берклидан радикаллашган гуруҳларни илдизини қуритишга ваъда берди. Калифорния губернатори этиб сайлангач, 1968 йилдаги президентлик сайловларида қатнашишга аҳд қилди. Сайловларда Рокфеллер, Никсондан кейин учинчи ўриндаги энг кўп сайловчиларга эга номзод сифатида эътироф этилди.
Рейган Калифорния губернатори сифатида фаолият юритганда «Қонли пайшанба» воқеасига сабаб бўлди. Ўша пайтда Рейган Берклидаги талабалар намойишини тарқатиш учун штат полициясини ва миллий гвардиясини талабалар намойишини бостиришга жалб қилди ва натижада, штат ҳарбийлари икки ҳафта мобайнида Берклини қамал қилди. Айни шу пайтда Рейганнинг норозилик намойиши қатнашчиларига нисбатан ишлатган «Афсус, ботулизмдан ҳалок бўлиш миқдори анча камайиб кетган» ҳазиломуз ибораси машҳур бўлиб кетди.
1968 йилда кескин сиёсий тадбирлари билан тилга тушган Рейганнинг губернатор бўлиб сайланишига қарши ҳаракатлар иш бермайди, у иккинчи марта Калифорния ҳокими бўлди. Бу даврда Рейган иқтисодга давлатнинг аралашуви ва федерал солиқчилик қийматларининг юқорилигига қарши ҳужум бошлайди.
Президентлик ва президентга суиқасд
1976 йилда Рейган Жералд Fordга қарши президентлик сайловларида иштирок этди, аммо мағлубиятга учради. Таслим бўлмаган Рейган 1980 йилга келиб, яна АҚШ президентлигига ўз номзодини кўрсатди. Рақиб Жимми Картер эди. Рональд Рейган 44 штатда энг кўп овоз олиб, АҚШнинг энг ёши улуғ президенти бўлди.Рейган президентлиги даврида америкаликлар ҳукуматга эмас, ўз иқтидорига таянишни ўрганди. Рейган бир қатор ислоҳотлар ўтказдики, бу мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига ўз таъсирини ўтказди. Рейган президентликка сайлангач, ўз кундаликларини ҳам юрита бошлайди ва охир-оқибатда унинг кундаликлари АҚШда энг кўп сотилган автобиографияга айланди. 1981 йил 20 январь санасида Рейган инаугурация пайтида сўзлаган нутқи АҚШдаги иқтисодий тушунмовчиликларга бағишланади ва айнан шу даврда Эронда асирга олинган 52 нафар америкалик ватандошларнинг озод қилиниши юз берди.
Орадан икки ой ўтиб, Вашингтонда Рейганга суиқасд уюштирилди. Отилган ўқлардан бири Рейганнинг ўпкасини жароҳатлади, аммо президент тез орада оёққа турди. Суиқасдни тайёрлаган Жон Хинкли руҳий носоғлом деб топилди ва руҳий шифохонага юборилди. Бундан аввал ҳам Хинкли Жимми Картерни таъқиб қилган ва бу ҳаракати билан ўзи севган актриса Жуди Фостернинг эътиборига тушишни мақсад қилганди.Рейганнинг ички сиёсати
Рейган президент бўлгач, унинг асосий сиёсати ижтимоий дастурларни қисқартириш ва бизнесни ривожлантиришга қаратилди. АҚШ давлат бюджетининг асосий қисми АҚШ ҳарбий саноатини ривожлантиришга қаратилди. Натижада 1983 йилдан бошлаб, АҚШ иқтисодиётида юксалиш бошланди. Рейганнинг ички сиёсати натижасида:- Мамлакатда инфляция даражаси 12,5 фоиздан 4,5 фоизга тушди;
- Ишсизлик даражаси 7,5 фоиздан 5,3 фоизга пасайди;
- 1981–1985 йилларда Рейган мудофаа тизимига энг кўп сармоя киритди;
- Федерал даражадаги даромад солиғи мисли кўрилмаган даражада 70 фоиздан 28 фоизга камайди.
- Солиқлар камайтирилиши ҳисобига рейганомика гуркираб яшнайди;
- Ички ялпи маҳсулот ҳажми ошди;
- Ишсизлик даражаси камайиб борди;
- 18 миллион ишчи ўрни яратилди;
- Солиқларни ислоҳ қилиш борасида қонунчилик қабул қилинди;
- Мамлакат ёқилғи инқирозини бошидан кечирди;
- Наркотрафикка қарши кескин сиёсат юритилди;
- Федерал таълим дастурлари, маҳсулотларни арзон сотиб олиш режаси қисқартирилди.
Ташқи сиёсатда АҚШнинг танқидчилари Рейганнинг сиёсатини империалистик, зўравон сиёсат сифатида баҳолай бошлайди. Рейган тарафдорлари эса унинг сиёсатини АҚШнинг манфаатларини ҳимоя қилиш сифатида баҳоларди. 1983 йилнинг 25 октябрь санасида АҚШ ҳарбийлари Гренадага бостириб киради. Рейган мазкур ҳарбий амалиётни Кариб ҳавзасини Совет-Куба таъсиридан ҳимоя қилиш деб атайди.
Рейган даврида АҚШнинг ҳарбий саноати кескин юксалди. Рейган маъмурияти Лотин Америкаси, Африка, Осиёда коммунистик режимга қарши курашадиган миллий фонд ташкил қилди. Афғонистонда СССРга қарши амалиётларни дастаклайдиган гуруҳ тузди. Рейган, шунингдек, «Иран Контрас» сиёсий жанжалининг гирдобида ҳам қолиб кетди.
Хулоса
Рейган демократиянинг кучли тарафдори сифатида «демократия учун қурбон бўлиш, инсониятнинг шарафли бурчи, чунки демократия қачонлардир инсон яратган энг мукаммал тизим демократия» эканига қаттиқ ишонарди. СССРга қарши «фазовий уруш» эълон қилишига қарамасдан Рейган, АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқ урушни ниҳоялаган АҚШ президенти сифатида қолди.Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)