Анчадан бери ёритиб келаётганимиз Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва UzAuto Motors ўртасидаги судлашув антимонополчиларнинг ютқизиғи билан тугади. Айни шу кунларда пиёда юрган фуқароларнинг босган қадамига пул тўлаш ҳақида фармон чиқди. Бу яна UzAuto Motors’га зимдан бойкот бўлмасин.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди. Антимонополчилар зиммасига UzAuto Motors фойдасига почта харажатлари ва давлат божини ҳам тўлаш ҳам юклатилди. Шундай қилиб, миллий автокомпаниямиз энди монопол эмас, билиб қўйинглар. Ким уни монопол деса, судда ютқазиши муқаррардир.
Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев «‘Ўзавтомоторс’ ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг ҳарак(ж)атлари зое кетмади. Улар шуни исташди, шу бўлди, улар ‘бўл’ деди, бўлди, ‘бўлма’, деса бўлмасди. Уларга қанча гул, пул, куч, эътибор керак бўлса ҳаммаси муҳайё. Фақат одамларнинг ишончи ва ҳурматидан ташқари...», деб ёзди.
Судда ғолиб чиққан UzAuto Motors эса машиналарда нуқсон бўлса, ойлиги ҳисобидан ундирилиши ҳақида ишчи-ходимларидан мажбурий розилик хати оляпти. Ғолибга ярашаверади, нима дейсиз?
* * *
Навбатдаги хабаримиз олдингисига билвосита алоқадор бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан ўтказилиши янги фармонда белгиланди. Агар фуқаро ўз ҳудудида рекорд қўйса, 500 минг, республикадаги энг зўр юрағон бўлса, 1 миллион сўм олади. Фармон асосида келаси йил 1 мартгача «Соғлом турмуш тарзи» («1hls.uz») платформаси ишлаб чиқилади. Бу UzAuto Motors машиналарига талабнинг пасайишига сабаб бўлса ажаб эмас.
* * *
Аслида, майда кўмир ва тезакдан ёқилғи ясаб исиниш мамлакатимизда кенг тарқалган. Бироқ давлат, аниқроғи, газ сотиш бўйича дунёда 14-ўринда турувчи давлат қарамоғида бўлган муассаса тарбиячилари кўмир кукунидан таппи ясаётгани расми интернетда тарқалиб вазирликда ҳам акс садо берди. Маълум бўлишича, бу ҳолат Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 30-боғчада бўлган. Келтирилган кўмирнинг бир қисми кукун бўлгани учун директор увол қилмаслик мақсадида ходимларга қўлбола брикет ясаттирган.
Хўш, нега кўмир сифатсиз? «Ўзбеккўмир» бош геологининг айтишича, кўмир истеъмолчининг қўлига етиб боргунича бир неча босқичдан ўтгани боис майдаланиб кетяпти ва сифатсиз кўринишга келяпти. «Агар сифатсиз бўлса, олмаслик керак. Чунки брикетлар ишлаб чиқарилгандан кейин уч-тўрт кун қуритилиши лозим. Агар брикетни олиб кетишни истамаса, биз бошқа кўмир билан таъминлаймиз», деб айтган у.
Доно халқимиз «кириб келди олтин куз, газ-светдан умид уз» деганидек, жойларда электр ва газ таъминоти узилиши яна бошланди. Яқинда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида бўлган воқеа ҳақида сўзлаб берди. «Ўрта Чирчиқ туманига борганимизда ёши катта бир онахон аёл олдимга келиб, ‘яқинроқ келиб мени ҳидланг, мен орқали бутун аёлларни... Биздан гўнгнинг ҳиди келяпти. Тезак ёқяпмиз. Хоҳлаган хонадонингизга киринг, кўринғ, деди. Мингдан ортиқ одам билан учрашув ўтказяпмиз. Трубалар бор, илгари газ бўлган, ҳозир йўқ... Мурожаат қилса, ‘газ мабодо узилиб қолса (ўзи бир неча йилдан бери газ умуман йўқ), суюлтирилган газ билан таъминлаймиз, 20 килограмм норма бор’, деб жавоб беряпсизлар», деди Бурхонов.
Буёқда тадбиркорлар 2020 йил 1 ноябридан газ таъминотидан узилиши ҳақида огоҳлантириш хати олмоқда. Ўзбекистоннинг гази сотилмай ётганида, мамлакатдаги газ тақчиллигини изоҳлаш жуда қийин.
Дарвоқе, 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифлари оширилмаслиги маълум қилинди.
* * *
Ўзбекистонда 2021 йилда қайси давлат идораси бюджетдан қанча маблағ олиши кўпчилик учун қизиқдир. Зотан пандемия шароити тиббиёт соҳасига кўпроқ маблағ йўналтиришни тақозо қилмоқда. Бюджет лойиҳасига кўра, Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган. Шунингдек, ХТВга 22,1 триллион, Мактабгача таълим вазирлигига 5,4 триллион, Транспорт вазирлигига 4,95 триллион, Сув хўжалиги вазирлигига 2,826 триллион, Молия вазирлигига 54,3 триллион сўм маблағ ажратилади. Лойиҳадаги тўлиқ рўйхат бу ерда. Аммо унда ДХХ, Мудофаа ва ИИВга ажратиладиган маблағ миқдори акс этмаган.
Илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, 2021 йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.
* * *
Бу ҳафта Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 77 ёшида вафот этди.
Омон Матжон Хоразмнинг Гурлан туманида туғилган эди. У 20 га яқин шеърий тўплам муаллифи бўлган. Омон Матжоннинг шеърлари Евгений Евтушенко каби буюк рус шоирлари томонидан таржима қилинган. Омон Матжон 1991—1993 йиллар Ўзбекистон Президенти девонида давлат маслаҳатчиси, 1993—1998 йилгача Давлат матбуот қўмитасида раис муовини лавозимларида ҳам фаолият олиб борган. Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Шунингдек, таниқли турколог олим Андрей Кубатин ҳам 29 октябрь куни шифохонада оламдан кўз юмди. 36 яшар ёш олим жонлантириш бўлимида коронавирусдан даволанаётган эди.
Андрей Кубатин 2019 йил декабрдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология марказида фаолият юритиб келаётганди. 2019 йил 26 сентябрь куни Тошкент вилояти судида Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилган ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилган эди.
Карантин қоидаларига риоя қилинг, ниқоб тақинг. «Дарё»да қолинг ва тезкор янгиликлардан хабардор бўлинг.
Изоҳ (0)