ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Қашқадарёда 170 минг сўм қарз учун келиб чиққан жанжал 24 ёшли йигитнинг ўлимига сабаб бўлганини хабар қилди.
Қашқадарё вилоятида 2020 йилнинг 27 октябрь куни соат 22:00 да фуқаро 21 ёшли З.I., Шаҳрисабз тумани Ўртақўрғон қишлоғида яшовчи қариндоши 24 ёшли Ж.Э.нинг яшаш уйига бориб, 170 минг сўм қарзини сўраб, у билан ўзаро жанжаллашган. З.I. хонадон эгасига ошхона пичоғи билан турли кўринишдаги тан жароҳатлари етказган.
Ж.Э. тиббий ёрдам кўрсатиш учун ота-онаси томонидан Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Аммо олган тан жароҳатлари оқибатида ташқи қон кетиши, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан шифохонада вафот этган.
Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечириш жараёнида бир дона ёғоч дастали, тиғининг узунлиги 14 сантиметр бўлган ошхона пичоғи ва қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан З.I.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «Д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. З.I. процессуал тартибда ушланган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)