Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 30 октябрь куни Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида бўлиб ўтадиган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир кун тартибидан коронавирус пандемияси оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш ва халқаро шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақавий сиёсатнинг энг долзарб масалалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтади.
Форум ишида Ўзбекистон ва Жанубий Корея етакчилари билан бир қаторда Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Мўғулистон президентлари ва бошқалар иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сентябрь ойида видеоанжуман шаклида ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаганди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти апрель ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитида ҳам иштирок этганди.
Изоҳ (0)