Наманган вилоятида «ВАЗ-2106» трактор тиркамасига урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 24 октябрь куни соат 19:30 ларда Қандиён–Косонсой йўлининг 4-километрида «ВАЗ-2106» автомашинасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган «Т-40А» тиркамали тракторининг орқасига урилган.
Натижада «ВАЗ-2106» автомашинаси ҳайдовчиси бош мия оғир ёпиқ шикасти, мия комаси ташхиси билан туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай ҳайдовчи вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада Nexia уриб кетган электроскутер ҳайдовчиси, Андижонда икки Nexia тўқнашуви натижасида 2 киши, Навоийда вояга етмаган қизга машинасини бошқаришга берган ҳайдовчи ва Фарғонада Nexia’га уланган тиркаманинг узилиб кетиши оқибатида бир киши вафот этгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)