Hyundai компанияси ўз линейкасидаги энг кичкина электрокарни — Hyundai 45 концептининг болалар учун мўлжалланган модификациясини яратди. Электромобил иккита электродвигатель билан жиҳозланган ва эмоционал-адаптив бошқарув тизими орқали ҳаракатга келади, деб хабар беради Motor.
Митти автомобилнинг ташқи кўриниши Hyundai 2019 йили Франкфуртдаги автосалонда тақдим этган тўлиқ ўлчамли 45 шоу-каридан кўчирилган.
Ҳозирча ўз номига эга бўлмаган мини-версия ретро услубдаги бурчаксимон кузов ва худди суратдагига ўхшаш оптикага эга. Тўлиқ ўлчамли моделдан фарқли ўлароқ 45 кузови ёғочдан ишланган ва том қисми олиб ташланган, салонида битта ўриндиқ жойлашган.
Электрокар ўзгармас ток билан таъминловчи иккита электродвигатель ёрдамида соатига 7 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Кичкина автомобиль бир марта қувватланиш орқали қанча масофа босиши ҳозирча номаълум — ҳали у сертификация синовидан ўтказилиши керак. Hyundai матбуот хизматининг маълум қилишича, «ҳайдовчи схемаси ёрдамида» ҳаракатланиш узоқлигини қўшимча равишда ошириш мумкин бўлади.
Аввалроқ интернетда Hyundai Ioniq 5 серияли электрокроссовери прототипининг янги суратлари, Hyundai Tucson’нинг эса финал синовлари тасвирланган видео пайдо бўлганди.
Изоҳ (0)