Ryanair авиакомпанияси йўловчиси Инка Филева Лондондан Испаниянинг Валенсия шаҳрига учишга қарор қилиб, Киевга келиб қолди. У самолётга чиқиш вақтида адашиб қолган, аэропорт ходими эса бепарволик қилиб, чиптани текширмаган. Филева ўзининг қизиқарли саёҳати ҳақида Facebook’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.
«Ана бўлмасам! Валенсияга бораман деб, Киевга келиб қолдим», — деб ёзади 30 ёшли саёҳатчи.
Daily Star’нинг ёзишича, аёл 18 октябрь куни эрта тонгда Лондондан Валенсияга учмоқчи бўлган. Бироқ самолётга чиқиш йўлакларини адаштириб қўйган. Ходимлар мазкур хатоликка эътибор қаратмаган ва унинг чиптасини сканердан ўтказиб, аёлни салонга киргизган.
Украина пойтахтига учиб келган аёл аэропортдаги ёзувлар украин тилида эканлигини ва полициячилар умуман бошқа формада юрганини пайқаб қолган.
«Қандай қилиб келиб қолганимни ҳеч ким билмасди ва улар тинмай Киевга олган чиптамни сўрашарди. Мен ҳар сафар уларга Валенсияга деб олган чиптамни кўрсатдим, улар эса бу қандай содир бўлганини тушуна олишмасди», — дейди Филева.
Бир кечани аэропорт яқинидаги меҳмонхонада ўтказган аёл 19 октябрь куни яна Лондонга учиб кетган.
Филева вазиятни тушунган ва ёрдам кўрсатган Украина аэропорти ходимларига миннатдорчилик билдирган.
Изоҳ (0)