Бир ой ичида Москвада касалланиш ҳолатлари беш мартадан кўпроқ ўсди. Касалхоналарга энг оғир беморлар ётқизилмоқда

Биринчи тўлқин чоғида пойтахтда чўққига 7 май куни чиқилган эди — ўшанда Москвада 6703 та янги ҳолат қайд этилган. Июль бошига келиб, касалланиш камайди ва сентябрь ўрталаригача кунига 700 та ҳолатдан кам кўрсаткич сақланиб турди. Сўнг кескин ўсиш кузатилди: 6 октябрь куни 4082 та, 7 октябрда — 3229 та, 8 октябрда — 3323 та ҳолат қайд этилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «ТАСС»

Бошқа ҳудудларда касалланиш ҳолатлари анча кам. Масалан, Петербургда (Россия ҳудудлари ичида иккинчи ўрин) 8 октябрь куни 461 киши, Москва вилоятида — 433 киши коронавирус юқтирган.

Шундай ўсиш кузатилаётган бир пайтда Москва маъмурлари чекловларни қайтара бошлади. 65 ёшдан ошганлар, сурункали касалликлари бор одамлар ва ҳомиладор аёлларга улар яна уйда ўтиришни қатъий тавсия қилди, иш берувчиларга нафақат ишчиларининг камида 30 фоизини уйда ишлашга жалб қилиш, балки уларнинг автомобиллари, телефонлари ва «Тройка» карталари рақамларини тақдим этиш масъулиятини юклади. Мактаб ўқувчилари учун одатдаги бир ҳафталик ўрнига, икки ҳафталик таътил эълон қилинди. Мактаб ўқувчилари ва пенсионерлар учун ижтимоий карталар амал қилиши тўхтатилди.

Ҳар куни Москвада тахминан 1000 киши касалхонага ётқизилади, бир ҳафта ичида бундай ҳолатлар 13 фоизга ўсди. Москвадаги тез ёрдам хизматининг уч ходими, исм-шарифларини эълон қилмаслик шарти билан, нашрга маълум қилишича, сўнгги ҳафталарда тез ёрдам бригадаларига юклама 2-3 марта ошиб кетган. Шунингдек, тез ёрдамдаги яна икки манбанинг айтишича, ҳозир фақат оғирга яқин ҳолатдаги беморлар касалхонага ётқизилмоқда. Бироз бўлса-да бўш жойлар қолдириш мақсадида, қолганларга уйда даволаниш тавсия этилмоқда.

Москва соғлиқни сақлаш департаментидаги нашр манбаси ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, айни пайтда фақат сатурация — қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси тушиб кетган, хавф гуруҳидаги беморлар касалхонага ётқизилаётганини айтди.

Тез ёрдамдаги манбалар қўшимча қилишича, врачлар касални олиб кетишга қарор қилганида, диспетчерга қўнғироқ қилиб, касалхонага ётқизиш масаласини мувофиқлаштириб олиши керак. Бундай диспетчерлар етишмаслиги туфайли, уларнинг жавобини 40-60 дақиқача кутишга тўғри келади. Бундай узоқ кутишлардан кейин баъзан диспетчерлар касалхонага ётқизишни рад этади.

Москвадаги шунга ўхшаш муаммолар ҳақида 8 октябрь куни «Коммерсантъ» ҳам ёзган эди. Таъкидланишича, беморлар компьютер томографиясига тушиш учун бир неча соатлаб кутмоқда.

Касалхоналардаги вазият баҳордаги ҳолатни эслата бошлади. Шифокорлар иккинчи тўлқин биринчисидан анча ёмонроқ бўлишидан қўрқмоқда

Meduza Москвадаги асосий COVID-19 касалхоналари ходимлари билан суҳбатлашди.

Коммунаркадаги манбанинг айтишича, сўнгги вақтларда касалхонадаги беморлар сони икки марта ошган ва уларнинг кўпчилиги биринчи тўлқин беморларидан кўра анча оғир ҳолатда. «Касаллар тобора кўпаймоқда. Айниқса, реанимациядаги ва сунъий нафас олдириш аппаратидагилар», — деди касалхона бош шифокори Денис Проценко. 7 октябрь ҳолатига кўра, касалхонада 645 нафар бемор даволанган, 104 нафари реанимация бўлимида, 22 нафари сунъий нафас олдириш аппаратидада. Ҳозирча касалхонада жой етарли — беморларни қабул қилиш учун қўшимча хоналар очилмоқда.

Касалхона яқинида тез ёрдамлардан иборат навбат тизила бошлаган. Проценко буни беморлар сони ўсгани билан изоҳлади. «Ҳолатнинг қандай тезлик билан чуқурлашаётгани одамни ҳушёр торттиради», — деди у.

15-касалхона бош шифокори Валерий Вечорко ҳам жорий вазиятнинг баҳордагига яқинлашиб қолганини таъкидлади. Беморлар сони ошгани, жойларнинг 80 фоизи бандлиги, касалхонага ётқизилганлар сони апрелдагига қарийб тенг бўлганини, шунингдек, реанимацияга тушаётган оғир беморлар ҳам кўпайганини айтди.

Meduza’нинг касалхонадаги манбаси вазиятни «танг» деб баҳолади. «Кунига 200 тадан одам олиб келишмоқда, уларни ётқизишга деярли жой йўқ. Шундай тенденция бор: сўнгги ҳафта ёшларни келтиришди, устига-устак, улар жуда оғир аҳволда… Норасмий буйруқ бўйича бизга фақат оғир беморлар келтирилмоқда, акс ҳолда тўлиб қолардик», — дея қўшимча қилди у. Унинг қайд этишича, Соколники ва Крилацкийда вақтинчалик госпиталларнинг очилиши юкламани бироз камайтиришга ёрдам бермоқда — уларни Сергей Собянин 5 октябрь куни очишга қарор қилган эди.

52-касалхонадаги нашр манбаси ҳамкасбларининг гапига қўшилди. Унинг аниқлик киритишича, июль—августда касалхона 50-60 фоизга тўлган бўлса, ҳозир деярли 80 фоизга тўлган, реанимация бўлимлари бундан ҳам тўлароқ. «Бўлимларда юклама баҳордагидек эмас, бунинг асосий сабаби шундаки, кўп жараёнлар одатийроқ ва тушунарлироқ бўлиб қолди», — деди яна бир шифокор.

52-касалхонадаги манбанинг қайд этишича, беморлар сони ошаётган бир пайтда, шифокорлар ҳам касаллик юқтиришда давом этмоқда. «Реанимацияда 6-8 та беморинг бўлиб турганида 24 соатлик сменани тўлиқ ўранган ҳолатда, кўзойнак ва қўлқопларни ечмасдан ўтказиш қийин», — деди у.

Беморларнинг айтишича, касалхонадаги ходимлар оғир касаллар оқими туфайли «жуда ҳорғин ва ҳолдан тойган». «Кўпчилик беморларда касаллик жуда оғир кечади, уларни кислородга улашади, осма уколлар қўйишади», — дея аниқлик киритди улар.

Meduza суҳбатлашган врачлардан бири таъкидлашича, барча шаҳарликлар ўзлари касалхонага тушмагунича, коронавирус билан иши йўқ. Бундай муносабат туфайли, шунингдек, Москвада қатъийроқ чоралар жорий қилинмаётгани сабабли, шифокорлар иккинчи тўлқин биринчисидан анча оғир бўлади, деб ҳисобламоқда.

Мансабдорлар иқтисодиёт туфайли Москвани карантинга ёпишни истамаяпти. Иккинчи тўлқиннинг чўққиси эса декабргача кутилмоқда

Оддий касалхоналарни баҳордагидек коронавирус касалхоналарига айлантириш амалиёти муваффақиятсиз деб топилди, деди Meduza’нинг Москва соғлиқни сақлаш департаментидаги манбаси. Чунки бунинг натижасида бошқа касалликлар билан оғриган беморлар режали ёрдамсиз қолиб кетади. Бундан ташқари, коронавирусдан бошқа бўлимлари ҳам бор бўлган касалхоналарда COVID-19 авж олиши хавфи юқорироқ.

Охир-оқибат, ҳозир вақтинчалик касалхоналарга урғу берилмоқда. Оддий касалхоналар эса кескин вазиятда COVID-19’га мослаштирилади. «Бугунги кунда тиббий қувватларнинг зарур захираларига эгамиз. Лекин келинг, очиқ гапирамиз — койкалар сони доим учма-уч, қанчалик елиб-югурмайлик, бир кун келиб улар тугайди», — деган эди Москва мери ўринбосари Анастасия Ракова «Россия 1» каналига берган интервьюсида.

Шу билан бирга, Meduza’нинг федерал ҳукуматдаги ҳамсуҳбатининг айтишича, ҳукумат коронавируснинг иккинчи тўлқини давомида бизнесни ёпмаслик учун максимал даражада ҳаракат қилиш ҳақида сиёсий қарор қабул қилган. Ҳозир ҳукумат 18 октябрь куни Москва мактабларида эълон қилинган узайтирилган таътил тугашини кутмоқда, шунда у пандемия ривожланишига қандай таъсир қилгани баҳоланади. Агар таътил пайтида Москвада касалланганлар сони бўйича статистика пасайса ёки, ҳеч бўлмаганда, барқарорлашса, жиддий чекловлар киритилмайди. Касалланганлар сони ўсишда давом этса, биринчи навбатда савдо марказлари, йирик дўконлар ва кинотеатрлар ёпилиши мумкин. Бундан ташқари, мерияда ва федерал ҳукуматда йирик оммавий тадбирларни қайта тақиқлаш муҳокама қилинмоқда.

Meduza’нинг ҳукуматдаги манбаси сўзларига кўра, мансабдорлар экспертлар (айнан қандай экспертлар эканлиги номаълум)нинг баҳоларига таянмоқда. Унга кўра, оптимистик сценарий бўйича, иккинчи тўлқиндаги касалланиш чўққиси октябрь охирига, пессимистик сценарий бўйича эса — декабрь бошига тўғри келади.

Кейинроқ Москва соғлиқни сақлаш департаменти ушбу мақолага муносабат билдириб, «пойтахтда режали ва шошилинч ёрдам тўлиқ ҳажмда кўрсатилаётгани»ни, шаҳарда эса «койка фондининг катта захираси» яратилганини айтди. Тез ёрдам диспетчерлари беморларни касалхонага ётқизишни рад этаётгани ҳақидаги гапларни асоссиз деб атади. «Аҳволи шуни тақозо этадиган беморларни шаҳардаги тиббиёт ташкилотларига йўналтиришда ҳеч қандай чекловлар йўқлигини таъкидлаймиз», — дея қўшиб қўйишди департаментда.