Минскда ҳибсда сақланаётган беларус блогер Сергей Тихановский тўрт ой ичида биринчи марта унинг рафиқаси, Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди, дея хабар бермоқда Meduza.
«Ҳозиргина Светлана ва Сергей Тихановский ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Бу 134 кун ичида биринчи ўзаро суҳбат ҳисобланади», – дейилади Тихановская Telegram каналида.
Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорканинг таъкидлашича, суҳбат давомида улар болалар ва Сергей Тихановскийнинг ҳибсда сақланиши ҳақида гаплашган. Тихановский рафиқасини «кучлироқ бўлишга» ва дунё раҳбарлари билан учрашишни давом эттиришга чақирди. Вячорка, суҳбат пайтида кимдир Тихановскийнинг ёнида бўлган деб ҳисоблайди.
https://youtu.be/RsR0zixcBYk
Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловларни сохталаштириш ҳақидаги маълумотлар фонида норозилик намойишлари бошланди ва ҳалигача давом этмоқда. Намойишчилар Лукашенкони сайловни сохталаштиришда айбламоқда. Сайлов натижаларига кўра, Александр Лукашенко 80 фоиз овоз тўплаган.
Беларусь Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Светлана Тихановская президентлик сайловида 10,1 фоиз овоз тўплаган. Тихановскаянинг ўзи эса мағлубиятини тан олмади ва ўзини «Беларусь халқи томонидан сайланган ягона етакчи» деб атади. Сайловдан икки кун ўтгач Тихановская Литвага чиқиб кетган. Унинг сафдошлари Тихановская ҳукумат босими остида мамлакатдан чиқиб кетганини маълум қилган.
Мухолифат Беларусда янги сайловлар ўтказиш ва конституциявий ислоҳотларни талаб қилмоқда.
Собиқ президентликка номзод Светлана Тихановскаянинг тарафдорлари 18 август куни янги сайловлар ўтказиш орқали мамлакатда ҳокимиятни транзит қилиш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди. Беларусь бош прокурори Александр Конюкнинг таъкидлашича, Мухолифат Мувофиқлаштириш кенгаши фаолияти конституцияга қарши ва ҳокимиятни қўлга олишга қаратилган.
Кенгашнинг ташкил этилиши муносабати билан Жиноят кодексининг 361-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг бир нечта вакиллари ҳибсга олинган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко 10 октябрь куни эса Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва мухолифатнинг қўшма штабининг ҳибсга олинган вакиллари билан учрашди.
Изоҳ (0)