Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Ибрат» фильмининг мамлакатдаги илк намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Унда фильм ижодкорлари, устоз ва мураббийлар, расмийлар ҳамда кино ихлосмандлари иштирок этди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Ушбу фильм премьераси учун айнан Тўрақўрғон тумани танлангани бежиз эмас. Чунки Исхоқхон тўра Ибрат шу заминда туғилиб, вояга етган. Бугунги кунда унинг номи билан юритилувчи тиллар мактаби ва музей ҳам шу ерда жойлашган. Фильм премьераси 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор. Чунки Ибрат домла биринчи галда буюк маърифатпарвар ва улуғ устоз бўлганлар», — деди тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Тўрақўрғон туман маданият марказида бўлиб ўтган премьерада «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов, агентлик директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев, фильм режиссёри Жаҳонгир Қосимов, актёр Матёқуб Матчонов сўзга чиқиб, ушбу фильмни суратга олиш жараёни, бугунги кун томошабини учун аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Шундан сўнг «Ибрат» фильми намойиш этилди. Уни томошабинлар, жумладан, Исхоқхон тўра Ибратнинг авлодлари олқишлар билан қарши олди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, фильмни режиссёр Жаҳонгир Қосимов суратга олган. Сценарий муаллифлари Нурилло Аббосхон ва Абдуқаюм Йўлдошев. Фильмда Фарҳод Маҳмудов, Саидкомил Умаров, Эркин Комилов, Карим Мирҳодиев, Матёқуб Матчонов, Шаҳзода Матчонова ва бошқалар рол ижро этган.