Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Озарбайжоннинг яна иккита самолётини уриб туширди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».

Уриб туширилган самолётларнинг бири ҳақида Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилган. Кейинроқ республика Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян Озарбайжоннинг яна бир самолёти уриб туширилганини маълум қилди. «Бугуннинг ўзида учинчиси бўлган яна бир самолёт уриб туширилди», — деган у Facebook’даги саҳифасида.

Бундан аввал Қорабоғ мудофаа армияси Озарбайжоннинг битта вертолётини уриб туширгани, у Эрон ҳудудига қулагани маълум қилинган. Шундан сўнг тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Мудофаа вазирлиги яна бир вертолёт ва самолёт уриб туширилгани ҳақида хабар берган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғдаги можаро зонасида Озарбайжон ҳарбий вертолёти йўқ қилингани тўғрисида Арманистон томоннинг хабарларини тасдиқламаган.

Бундан бир кун аввал Озарбайжон Қорабоғда Арманистоннинг икки мингдан ортиқ аскари ўлдирилгани ва яраланганини маълум қилганди. Ереван бу Бокунинг бир кунлик йўқотишлари деб жавоб қайтарган Озарбайжон.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ҳарбий низо 27 сентябрь куни қайтадан бошланди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини иғвогарона хатти-ҳаракатлар ва вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда. Можаро кескинлашгани туфайли ҳар иккала мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилинган.