Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг сони расмий маълумотлардан кўра кўпроқ эканини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилди.

Фото: РИА Новости

«Мамлакатлардаги бахтсиз ҳодисалар ёки бошқа касалликларнинг COVID-19’га алоқадорлиги эҳтимолдан йироқ эмас. Эҳтимол, бу ҳисоб-китоблар мукаммал эмасдир. Бу рақамлар коронавирус билан боғлиқ барча ўлим ҳолатларини ўз ичига олмайди, деб тахмин қилишингиз мумкин», – деди Райан 28 сентябрь куни бўлиб ўтган онлайн брифингда.

Аввалроқ Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, коронавирус оқибатида вафот этганлар сони бир миллиондан ошгани хабар қилинганди.

Шунингдек, ЖССТ тахминларига кўра, дунёда 2 миллион одам касаллик асоратларидан вафот этиши мумкин.