Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйгани тўғрисида хабар берилганди. Мазкур қарор қабул қилингудек бўлса, мактаблар ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида жисмоний машқлар ўтказилади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вази​рлиги

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда умумтаълим, профессионал ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида (катта танаффус вақтида) «Спорт дақиқаси» жисмоний машқлари, дарслар бошланишидан олдин 2 дақиқа нафас олиш машқларини ўтказиш тартибини ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади.

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари (Беҳзод Мусаев) Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда:

  • умумтаълим мактабларида 2020/2021-ўқув йилидан жисмоний тарбия фанини барча синфларда ҳафтада 3 соатдан ўқитишни ташкил этади;
  • Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда спортчи ёшларни саралаш ва катта спортга иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селексия), ёшлар орасида спортни оммалаштиришда юқори натижаларга эришиш мақсадида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларини камида биттадан устувор, истиқболдаги, ривожланаётган, шу жумладан, миллий спорт турларига ихтисослаштиради.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси (А.Абдувоҳидов) ушбу топшириқларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанба кунида автомобилда ҳаракатланиш тақиқланиши, мамлакатда 1 йилда 3,6 миллион қадам пиёда юрган шахсларга барча давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз имтиёз берилиши тўғрисида хабар берилганди.