Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 22 сентябрь — Халқаро автомобилсиз кун муносабати билан ишга велосипедда борди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Facebook / Азиз Абдуҳакимов

Фото: Facebook / Азиз Абдуҳакимов

Нашрнинг ёзишича, Азиз Абдуҳакимов аввалроқ барча ўзбекистонликларни ушбу акцияда фаол қатнашишга чақирган.

«Бугун ишга одатдагидан вақтлироқ йўлга чиқиб, велосипедда бордим. Бу киши кайфиятига катта ижобий таъсир қилади», — деди Азиз Абдуҳакимов «Kun.uz»га берган интервьюсида.

Бош вазир ўринбосари суҳбат давомида Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш янги даражага чиқиши ҳақида айтиб ўтган. Унинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида велосипед йўлаклари қурилади.

Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳрининг кўп жойларида ҳали велосипед йўлаклари йўқлигини таъкидлаб, айни пайтда махсус ишчи гуруҳ бу масалани ҳам қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлаётганини билдирган.

Тайёрланаётган қарор лойиҳасига асосан, нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикадаги йирик аҳоли пунктларида велосипед йўлаклари, пиёда юриш ва югуриш маршрутлари ташкил этилади. Бундан ташқари, streetball (кўча баскетболи), street workout (машғулот майдонлари), мини футбол, бадминтон кабиларни бутун республика бўйича оммалаштириш, керакли инфратузилмани яратиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Ўзбекистонда оммавий спорт ва соғлом ҳаёт тарзи тарғиботини кучайтириш, бу йўналишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

«Соғлом турмуш тарзи Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётидан ўрин олиши бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Яқин орада тегишли қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинади. Бу борада кенг жамоатчиликдан таклифлар беришини сўраб қолардик.

Ҳозирги кунда ишчи гуруҳ ҳар куни иш олиб боряпти, қарор лойиҳаси қатор вазирликлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди», — дея маълум қилган Азиз Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, соғлом овқатланиш масаласига оид яна бир алоҳида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, қабул қилиниши кутилаётган қарорда оммавий спортни тарғиб қилиш бўйича ҳам кўплаб вазифалар белгилаб берилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Бизнес
Amazon, Meta, Alphabet ва Microsoft ходимларни қисқартириш учун 10 млрд доллардан кўпроқ маблағ сарфлайди
Маҳаллий
Тошкентда автокран қулаши оқибатида машинист вафот этди (видео) 
Маҳаллий
Туркманистон Ўзбекистонга текинга газ етказиб беради