Хонанда Воҳиджон Исоқов уйлангани, никоҳ тўйи 14 сентябрь куни Tashkent City’даги паркда, кўплаб таниқли эстрада юлдузлари иштирокида бўлиб ўтгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Халққа «тўйдаги меҳмонлар сони 30 кишидан ошмасин, тўй уйда ўтказилсин» деган талаб қўйилган бир вақтда, бир хонанда ўз тўйини пойтахт марказида дабдаба билан ўтказгани, бир неча кундирки, жамоатчилик диққат-эътиборидаги асосий мавзулардан бири бўлиб турибди.

16 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ тўйида «меҳмонлар сони 50 дан ошган» 32 ёшли Воҳиджон Исоқовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) асосан жаримага тортгани (бунда қоидабузарга нисбатан модданинг айнан қайси банди қўлланилгани айтилмаган), хонандага базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баравари (1 115 000 сўм)га тенг жарима белгилангани ҳақида ахборот берди (маълумот учун, 54-модда бўйича жамоат жойларида ниқоб тақмаганларгина БҲМнинг 5 баравари миқдорида жаримага тортилади).

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Аксига олиб, Тошкент шаҳар ИИББ хонандага ҳақиқатан ҳам чора кўрилганининг исботи тариқасида жарима ҳужжатининг суратини эълон қилмади — одатда пойтахт ИИББ матбуот хизмати шов-шувли воқеалар бўйича ўз муносабатларида худди шундай ҳужжатларнинг суратларини оммага кўрсатар эди. Солинган жарима миқдори камлиги, жарима ҳужжатининг сурати эълон қилинмагани, боз устига, бошқа ҳолатлар (масалан, хонандага «тўйингни эл қатори уйингда ўтказ» демай, Tashkent City’да тўй қилишга рухсат берилгани) бўйича муносабат билдирилмагани вазиятни ўрганиш зарурлигини кўрсатди.

Коронавирус пандемияси вақтида тўйлар қандай ўтказилади?

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 12 августдаги 43-сонли баёни 1-банди ижросини таъминлаш, яъни тўй маросимларини фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талаларига риоя қилган ҳолда ўтказиш борасида яхлит тизимни яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги томонидан қўшма кўрсатма тайёрланган.

Унга кўра, никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар ФҲДЁ органларига ёзма ёки электрон равишда ариза билан мурожаат қилиши, ФҲДЁ ушбу аризани «ФҲДЁ ягона электрон архиви»да қайд этиб, ахборотни ИИВ ахборот тизимига юбориши, ички ишлар бошқарма (бўлим, бўлинма)лари эса ФҲДЁ тақдим этган маълумотларни маҳаллалар кесимида тақсимотини тайёрлаб, тақсимот асосида тўй қилувчи фуқаролар рўйхатини назорат қилиш учун ҳудудий профилактика инспектори ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этиши керак. «Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган тўй маросимларини қайд этиб бориш китоби юритилади», — дейилади кўрсатма билан тасдиқланган Тўй маросимларини уй шароитида санитария ва гигиена талабларига риоя қилган ҳолда ўтказишнинг вақтинчалик тартибида.

Профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролари йиғинлари вакиллари туман (шаҳар) ИИБ томонидан тақдим этилган рўйхат асосида тўй маросимини уй шароитида ўтказаётган фуқаронинг хонадонига бориб, тўйни, хусусан, фақат яқин қариндошлар иштирокида 30 кишидан кўп бўлмаган (санъаткор, видеотасвирчи, тўй маросими учун қилинган хизматчилар ва бошловчи бундан мустасно) таркибда ўтказиш, тўй куни ўзгарса, бу ҳақда маҳалла фуқаролар йиғини вакилларини хабардор қилиш ва бошқа талаблар ҳақида огоҳлантириши керак. Инспектор ва маҳалла вакили тўйга икки кун қолганида яна тўй қиладиган хонадонга бориб, вазиятдан хабар олиши керак. Тўй куни эса маҳалла вакили ва профилактика инспектори назорат тариқасида тўй ўтказилаётган хонадонга бориб, маросим тўлиқ карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилаётганини ўрганиши керак.

«Агар тўй карантин қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда ўтказилаётганлиги аниқланса, хонадон оила аъзоларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилади», — дейилади кўрсатманинг 2-иловасида. Амалдаги тартиб бўйича, профилактика инспектори тўй эгаларига ўзи жарима белгилай олмайди, у фақат ҳолатни қайд этиб, бу бўйича чора кўриш учун ишни ҳудудий санитария-эпидемиология назорати марказига оширади.

Ёпишмаган гажаклар

Суриштирувлар давомида Tashkent City’даги тўй бўлган ҳудуд «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғинига кириши маълум бўлди. Маҳалла профилактика инспектори Равшан Рихсибоевнинг «Дарё» мухбири билан суҳбатда, «агар жой эгаси рухсат берса», Tashkent City’даги паркда ҳам «тўй ўтказиш мумкин»лигини таъкидлади (ваҳоланки, Махсус комиссия қарорида ҳам, учта давлат ташкилотининг юқорида кўрсатиб ўтилган қўшма кўрсатмасида ҳам тўй маросимлари фақат уйда ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган). Инспекторнинг қўшимча қилишича, у тўй куни паркда бўлган ва у борган вақтда тўйда 30 нафардан ортиқ фуқаро бўлмаган.

Инспекторнинг айтишича, у 16 сентябрь куни Шайхонтоҳур туман санитария-эпидемиология назорати бўлими ходими билан тўй бўлган жойга бориб, ҳолатни ўрганган, далолатнома расмийлаштириб, қонуний чора кўриш учун туман СЭНБга юборган. Мухбирнинг: «Тўй карантин қоидаларига зид равишда ўтказилганини тўй ўтиб бўлганидан кейин қандай аниқланди?», деган саволига инспектор жавоб бера олмади. Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси (СЕНБ) бошлиғи Беҳзод Одилов эса хонанданинг тўйини ўрганиш бўйича СЭНБдан ҳеч ким ички ишлар органлари томонидан жалб қилинмаганини билдирди.

Хонанданинг тўйи бўйича СЭН хизматларига дастлабки мурожаат фақат 17 сентябрь, пайшанба куни тушдан сўнг келиб тушган (бундан бир кун аввал — 16 сентябрь куни эса Тошкент шаҳар ИИББ хонанда БҲМнинг 5 бараварига жарима тортилгани ҳақида ахборот бергани ҳақида юқорида ёзилди). Беҳзод Одиловнинг айтишича, Миробод туман ИИБ карантин қоидаларини бузгани учун Воҳиджон Исоқовнинг доимий яшаш жойи бўйича тўпланган ҳужжатларни юборган. Унда хонанданинг никоҳ тўйига 40—45 дан ортиқ меҳмон келгани аниқлангани (шаҳар ИИББ ахборотида «меҳмонлар сони 50 дан ортиқ» эди), шу муносабат билан ҳолат юзасида тўпланган ҳужжатлар асосида қонуний чора кўриш сўралган (қайд этиш жоиз, хонанда 17 сентябрь куни Instagram’даги саҳифасида ички ишлар ходимлари билан ниқобсиз суҳбатлашиб ўтиргани акс этган суратни эълон қилган эди).

Ниқоб тақмаган хонанда Воҳиджон Исоқов кўчада ички ишлар ходимлари билан бирга суҳбатлашиб ўтирибди. 2020 йил, 17 сентябрь.

Фото: Instagram / @vohidjon_isoqov

Миробод тумани СЭН бўлими раҳбари Дилбар Тўрахўжаева «Дарё» мухбири билан суҳбатда кўриб чиқилаётган ҳолат бўйича қоидабузарга БҲМнинг 5 эмас, балки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисми билан БҲМнинг 20 баравари (4 460 000 сўм)дан 30 баравари (6 690 000 сўм)гача жарима солиниши кераклигини таъкидлади. «Очиғи, ички ишлар ходимлари бизнинг иштирокимизсиз жарима белгилаб қўйганидан жаҳлим чиқди. Қонун барчага баробар бўлиши керак. Воҳиджон Исоқовнинг ўзи билан боғлана олмадик. Акаси билан гаплашганимизда, кеча, 17 сентябрь куни СЭНБга келиши кераклигини айтган эдик, аммо келмади. Энди яшаш хонадонига бориб, ҳолатни ўрганиб, қонуний чора кўрамиз. Ҳолат бўйича қўшимча маълумот берамиз», — деди Тўрахўжаева хоним.

Масаланинг яна бир томони — тўй хонадонда эмас, Tashkent City’да ўтказилгани. Бу ерда исталган одам ўзидан-ўзи, берухсат, кўплаб машҳур инсонлар иштирокида дабдабали бир тадбир ўтказа олмайди. Табиийки, пойтахт марказидаги алоҳида қўриқланадиган ҳудудда пандемия даврида тақиқланган тадбирни ўтказишга йўл қўйганлик учун ҳам жавобгарлик бор (боз устига, ресторанларда банкет ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ ҳали бекор бўлгани йўқ). Бироқ, Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Беҳзод Одиловнинг «Дарё»га маълум қилишича, ички ишлар органларидан ҳозиргача Tashkent City ҳудудида тўй ўтказишга рухсат берган шахсга бирор чора кўриш бўйича ҳеч қандай сўров келмаган. Tashkent City’нинг парки жойлашган «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насиба Қодирова эса у ерда тўй бўлиши ҳақида маҳаллани ҳеч ким огоҳлантирмаганини ҳам айтди.

«Ҳозир маҳалла идорамизнинг аниқ бир жойлашган биноси ҳам йўқ. Tashkent City’даги парк ўзи менинг маҳалламга кирадими ёки қўшни ‘Ўқчиъгами — буни ҳам аниқ билмаймиз. Шунга қарамай, профилактика инспекторларимиз билан бирга тўй ўтган жойга бориб, уларни ёзма равишда огоҳлантириб келмоқчимиз», — деди маҳалла раиси «Дарё» мухбирига берган қисқа интервьюсида.

Хулоса ўрнида

Юқоридаги матндан мухбир ушбу маълумотларни бир арзимас ҳаракат билан қўлга киритгандек кўринса-да, аслида пойтахт марказидаги оддий бир маҳалланинг оддий бир профилактика инспекторини топишга (аниқроғи, уни мутасаддиларнинг ҳас-пўшлари орасидан ажратиб, чиқариб олишга) ярим кун вақт кетди. Ички ишлар органлари масъуллари ҳеч қайси маълумот яширилмаётгани, ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб тургани ва ҳатто хонанда жаримага тортилгани ҳақида ахборот берилганини тинмай таъкидлаган бўлса-да, нега жарима нотўғри қўлланилгани (ўзи қўлланилганми?), СЭН хизматлари нега бу жаримадан бехабарлиги, нега мумкин бўлмаган жойда тўй ўтказишга рухсат берганларга чора кўрилмаётгани ҳақидаги саволларга жавоб бера олмади (ёки жавоб беришни истамади).

Жамоатчилик эса хонанда Воҳиджон Исоқовдан миннатдор бўлиши керак, деган мулоҳаза ҳам бор — у ўз мисолида қонун барчага баробарми, Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари Амир Темурнинг ҳайкалига савол берган ёшларни ҳам, карантин сабаб даромадсиз қолиб, оиласини боқиш дардида стикери йўқ Matiz’ида кўчага чиққан ҳайдовчига ҳам, карантин даврида қизининг туғилган кунини кўплаб меҳмонлар иштирокида дабдаба билан ўтказган ҳокимга ҳам, уйдан ташқарида тўй қилиш тақиқланган бир вақтда Tashkent City’да тўй ўтказган хонанда ҳам тенг кўриб, барча қоидабузарларни бир хилда жазолай оладими ёки йўқ — шуни кўрсатиб бериши мумкин. Қизиқ, Ўзбекистонда қонун барчага баробарми?

PS. Материал чоп этишга тайёрланаётганида, Миробод туман СЭНБ бошлиғи Дилбар Тўрахўжаева «Дарё» мухбири билан боғланиб, махсус гуруҳ хонанда Воҳиджон Исоқовнинг хонадонида бўлиб қайтганини билдирди. Таъкидланишича, СЭНБ ходимларини хонанданинг акаси кутиб олган ва бу бевосита укаси билан боғлиқ иш экани, барчасини укаси билан ҳал қилишлари лозимлигини, лекин укаси ҳозир уйда эмаслиги, кўчага чиқиб кетганини айтган. Укани телефон қилиб чақирмоқчи бўлишганида, унинг телефони тармоқдан ташқарида экани маълум бўлган.

Муаллиф:Мусулмонбек Иброҳимов