Ўзбекистонда 13 сентябрь соат 23:30 дан 14 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 572 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 5 кун ичидаги энг паст кўрсаткич. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 47995 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,2 фоизи 14 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 398, «Дарё» ҳисоби бўйича 413 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 572 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 377 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 130 нафар;
  • Андижон вилоятида — 17 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 11 нафар;
  • Наманган вилоятида — 10 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 8 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 7 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 7 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 5 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 7 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 377 кишида коронавирус аниқланди. Бу Тошкентда сентябрь ойида энг кўп касаллик аниқланган кунлар орасида иккинчи натижадир. 11 сентябрь куни пойтахтда 510 кишида коронавирус қайд этилиб, нафақат сентябрь ойининг, балки бутун эпидемия мавсуми давомидаги антирекорд ўрнатилганди. Сентябрнинг 14 кунида Тошкентда касалланганлар сони 3621 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан охирги 7 тасида қайд этилган барча ҳолатларни қўшиб ҳисоблаганда (3475 та) ҳам бунча бемор чиқмайди. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 29173 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 60,8 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасаймоқда: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143 ва 14 сентябрда 130 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 1680 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 8885 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,5 фоизига тенгдир. Беш кундан буён умумий касалланганлар сони бўйича Тошкент вилоятининг кўрсаткичи 0,1 фоизга кўтарилиб бормоқда.

Андижон вилоятида 17 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 12 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 12 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 132 нафарга кўпайди ва Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1342 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,8 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Жиззах вилоятида 11 кишида коронавирус қайд этилди. ССВ 10 кун ичида (4 сентябрдан бери) биринчи марта Жиззахда янги касалланиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар бермоқда. 4 сентябрда 8 та ҳолат қайд этилгунча ҳам 10 кун давомида Жиззахда касалланиш ҳолатлари қайд этилмаганди. 10 сентябрь куни Жиззах шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг ўнинчи сессияси материаллари бўйича маълумот бериб, шаҳардаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг COVID-19 бўйича топширган тест натижаларига кўра 52 нафар педагог ходимда инфекция аниқланганини маълум қилганди. Аммо ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳам ССВ расмий статистикага киритмаяпти.

Наманган вилоятида 10 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойининг 10 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 130 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 1039 нафарга етди. Наманган коронавирусга чалинганлар сони бўйича сентябрда иккинчи марта Қашқадарёда ўтиб кетмоқда.

Сурхондарё вилоятида 8 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сентябрь ойида фақат охирги 5 жуфт санада касалликлар қайд этилмоқда: 6 сентябрда 9 та, 8 сентябрда 1 та, 10 сентябрда 5 та ва 12 сентябрда 5 та. Сурхондарёда ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони 659 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,37 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда.

Фарғона вилоятида 7 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 6, 8, 10 ва 13 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида Фарғонада касалланганлар сони 40 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 363 нафарни ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 0,75 фоизига тенгдир.

Бухоро вилоятида 7 кишида коронавирус қайд этилди. ССВ маълумотлари бўйича сентябрь ойида вилоятда касалликка чалинганлар сони 44 нафарга кўпайди. Аммо 13 сентябрь куни ўтказилган брифингда Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева вилоятда 239 нафар ўқитувчи ва мактаб ходими коронавирусга чалинганини маълум қилганди. Вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев эса бу хабарни рад этиб, мактаб ходимларининг тести бирламчи эканлиги, улардан қайта тест олинишини билдирди.

Қашқадарё вилоятида 5 кишида касаллик қайд этилди. Қашқадарёда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 1034 нафарга етди. Сентябрнинг 10 кунида вилоятда янги ҳолатлар рўйхатга олинди. ССВ бу кунларда жами 80 кишида коронавирус қайд этилганини маълум қилмоқда. Аммо «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматов Қашқадарёда 855 нафар мактаб ходимида коронавирус аниқланганини маълум қилди. Абдуғани Ҳимматовга кўра, вилоятдаги 1151 та мактаб ҳамда 191 та филиалда фаолият юритувчи 75 427 нафар ходимнинг 32 261 нафари коронавирусга тест топширган бўлиб, шундан 855 нафар ходимда коронавирус аниқланган. Мазкур хабарни тасдиқлаган вилоят Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази бош врачи Собир Муродов ўқитувчиларнинг 41 нафарида 14 сентябрь куни касаллик аниқланганини қўшимча қилди. Аммо ССВ вилоятда фақат 5 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 5 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. ФВВ Хоразм ва Қорақалпоғистонда бир нафардан ходими вафот этганини маълум қилганди. ССВ ушбу ҳолатлардан фақат биттасини тасдиқлади.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 57 ёшли Р.Р. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 33 ёшли Л.М. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи майор Дониёр Жабборов 12 сентябрь куни вафот этган.

Майор Дониёр Жабборов.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, майор Жабборов коронавирус инфекциясидан шифохонада даволанаётган бўлган. Дониёр Жабборов 1981 йил Қўшкўпир туманида таваллуд топган. ФВВ тизимида 2005 йил апрель ойидан буён ишлаб келаётган эди.

Унинг ўлими бўйича ССВ ҳозирча ахборот бергани йўқ.

Тўртинчи ўлим. Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Куанишбай Акимов 14 сентябрь куни вафот этган.

Подполковник Куанишбай Акимов.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

ФВВ ахборотига кўра, подполковник Акимов коронавирус инфекцияси билан хасталаниб, шифохонада даволанаётган бўлган. Куанишбай Акимов 1979 йил Нукус шаҳрида туғилган. У Қорақалпоғистон Ёнғин хавфсизлиги бошқармасида 20 йилдан ортиқ турли лавозимларда хизмат қилган эди.

Унинг ўлимига коронавирус асоратлари сабаб бўлганини ФВВ ахборотидан бир неча соат ўтгач ССВ тасдиқлади.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшаган 70 ёшли Р.Г. исмли эркак вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 56 ёшли М.А. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 63 ёшли О.К. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 398 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 413 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3071 нафар бемордан 451 нафари оғир, 243 нафари эса ўта оғир аҳволда.  16 сентябрь кунлари аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 500-600 оралиғида бўлган бўлса, 710 сентябрь кунлари 600-700 оралиғида, 1113 сентябрь кунлари 700-800 оралиғида бўлди, энди эса 694 нафарга тушди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганлардан 22,6 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

14 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида 524 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу сўнгги 17 кун ичида энг кўп бемор соғайган кун бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 293 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 130  нафари Тошкент вилоятида;
  • 75 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 8 нафари Андижон вилоятида;
  • 6 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 6 нафари Фарғона вилоятида;
  • 3 нафари Наманган вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 47 995 нафар бемордан 44 526 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Тўрт кундан буён бу борадаги кўрсаткич ўзгаргани йўқ. Аммо 5—9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3071 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Бу сўнгги 19 кун ичидаги энг юқори натижа. Етти кун аввал даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2064 нафар. Фарғонада 10, Навоийда 10, Қорақалпоғистонда 17, Жиззахда 21, Сурхондарёда 22, Сирдарёда 33, Бухорода 40, Хоразмда 40, Қашқадарёда 63, Наманганда 84, Андижонда 103, Самарқандда 161 ва Тошкент вилоятида 403 нафар бемор қолди.

Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётганлар сони 28 августдан буён биринчи марта 2000 нафардан ошди. Андижонда эса даволанишдаги беморлар сони 43 кун ичида биринчи марта 100 нафардан кўпайди.