Дунёда уруш юзага келса, қаерда яшашдан қатъи назар, у кўпчиликда қўрқув, қайғу, ғазаб ва ташвиш каби ҳис-туйғуларни келтириб чиқаради. Қуйида фарзанд билан суҳбатга қандай ёндашиш, уни қўллаб-қувватлаш ва тасалли бериш бўйича баъзи маслаҳатлар берилган.

- Уларнинг нималарни билиши ва бу ҳақда қандай фикрга эгалигини аниқланг
Бу ҳақда суҳбат қуриш учун тўғри жой ва вақт танланг. Масалан, оилавий овқатланиш пайтида фарзандингиз ўзини эркин ҳис қилади. Ухлашдан олдин бундай мавзуларни очмасликка эътибор беринг. Фарзандингиздан нимани билиши ва ўзини қандай ҳис қилаётганини сўраш билан суҳбатни бошласа бўлади. Баъзи болалар дунёда нима бўлаётгани ҳақида кам маълумот билиши ёки умуман бунга қизиқмаслиги мумкин. Аммо жимгина ташвишланадиган болалар ҳам бор. Кичик ёшдагилар билан расм чизиш, ҳикоялар ва бошқа машғулотлар муҳокамани бошлашга ёрдам бериши мумкин.
Болалар янгиликлар билан турли йўллар орқали танишади. Шунинг учун уларнинг кўраётган ва эшитаётганларига эътиборли бўлиш муҳим. Уларнинг хавотирларини эътиборсиз қолдирмаслик лозим. Агар улар сизга “Биз ҳаммамиз ўламизми?” деган савол берса, уларни бу ҳолат содир бўлмаслигига ишонтиринг.

- Суҳбатни хотиржам ва ёшга мос равишда олиб боринг
Болалар дунёда нима бўлаётганини билишга ҳақли. Катталар эса уларни ташвишлардан ҳимоя қилишга масъулдир. Фарзандингизни сиздан кўра яхши биладиган инсон йўқ. Ёшга мос тилдан фойдаланинг, уларнинг реакцияларини кузатинг ва хавотир даражасига сезгир бўлинг.
Агар сиз ҳам содир бўлаётган воқеалардан хафа бўлсангиз ёки ташвишлансангиз, бу нормал ҳолат. Аммо шуни ёдда тутингки, болалар ҳиссиётлари катталарники сабаб юзага келади ва шаклланади. Шунинг учун ҳеч қандай қўрқувни болангиз билан ҳаддан ташқари бўлишмасликка ҳаракат қилинг. Хотиржам гапиринг ва юз ифодаси каби имо-ишораларингизга эътибор беринг.
Ёдингизда бўлсин, ҳар бир саволга жавоб топилмаслиги ҳам мумкин. Нуфузли ахборот ташкилотлари, жумладан UNICEF ва БМТ каби халқаро ташкилотларнинг веб-сайтларидан фойдаланинг. Интернетдаги баъзи маълумотлар аниқ эмаслигини ва ишончли манбаларни топиш муҳимлигини уларга тушунтиринг.
- Уларга ҳамдардлик улашинг
Урушлар кўпинча халққа ёки мамлакатга нисбатан нотўғри тушунча ва камситишни келтириб чиқариши мумкин. Фарзандларингиз билан гаплашганда, “ёмон одамлар” ёки “ёвузлик” каби иборалардан қочинг. Уларга ҳар бир киши жамиятда хавфсиз бўлишга лойиқ эканини тушунтиринг. Безорилик ва камситиш ҳар доим нотўғри ва биз ҳар биримиз бир-биримизга меҳр-оқибат улашишимиз лозимлигини уқтиринг.
- Ёрдамга алоҳида эътибор қаратинг
Болалар учун одамлар бир-бирига жасорат ва меҳрибонлик билан ёрдам бераётганини билиш муҳим. Фарзандингиз ёрдам бериш ҳаракатларида иштирок этишни хоҳлаш-хоҳламаслигини текширинг. Эҳтимол улар расм чизиши ёки мавзу доирасида шеър ёзиши мумкин.
- Суҳбатни эҳтиёткорлик билан тугатинг
Суҳбатингизни тугатар экансиз, болангизни ташвишли ҳолатда қолдирмаётганингизга ишонч ҳосил қилинг. Унинг безовталик даражасини тана ҳаракатларини кузатиш орқали баҳоланг. У одатдаги овоз оҳангини қўллаяптими ёки йўқлигини ҳамда нафас олишини яхшилаб кузатинг. Уларга қайғураётганингизни, хавотирга тушганда уларни тинглаш ва қўллаб-қувватлаш учун тайёр эканингизни билдиринг.

- Текширишда давом этинг
Уруш ҳақидаги хабарлар давом этар экан, фарзандингизнинг аҳволидан хабар олишда давом этишингиз керак. Улар ўзларини қандай ҳис қилмоқда? Уларнинг қандай саволлари бор? Агар болангиз содир бўлаётган воқеалардан хавотирда ёки ташвишда бўлса, унинг хатти-ҳаракатлари ёки ҳис-туйғуларидаги ҳар қандай ўзгаришларни, масалан, ошқозон, бош оғриғи, қўрқинчли тушлар бор-йўқлигини кузатиб боринг.
Болалар ҳодисаларга турлича муносабатда бўлади. Кичик ёшдаги болалар одатдагидан кўра инжиқроқ бўлиб қолиши мумкин. Ўсмирлар эса кучли қайғу ёки ғазабни намоён қилиши мумкин. Бу ҳолатларнинг кўпчилиги фақат қисқа вақт давом этади ва стрессли ҳодисаларга нормал реакция ҳисобланади.
- Янгиликларни чекланг
Хавотирли сарлавҳалар ва тушкунликка солувчи тасвирлар билан тўла бўлган янгиликлардан фарзандларингиз қанчалик хабардор эканига эътибор беринг. Шунингдек, агар улар янгиликларни эшитиш масофасида бўлса, мавзу ҳақида бошқа катталар билан қандай гаплашаётганингизга ҳам эътибор қаратинг. Иложи борича, улар билан ўйин ўйнаш ёки бирга сайр қилишга ҳаракат қилинг.
- Ўзингизни эҳтиёт қилинг
Агар буни уддалай олсангиз, фарзандларингизга яхшироқ ёрдам бера оласиз. Болалар янгиликларга бўлган муносабатингиздан таъсирланади. Шунинг учун уларга хотиржам кўринишга ҳаракат қилинг.

Агар безовта ёки хафа бўлсангиз, ўзингизга вақт ажратинг, масалан дўстларингизга қўнғироқ қилинг. Янгиликларни қандай қабул қилаётганингизга эътибор беринг: доимий равишда онлайн бўлишдан кўра, кун давомида маълум вақт ажратиб қўйганингиз маъқул. Имкони борича, дам олиш ва тикланишга ёрдам берадиган фаолият билан шуғулланинг.
Изоҳ (0)