АҚШ фуқаролари коронавирус давригача бўлган ҳаёт тарзига камида 2021 йил ўрталари ёки охирларида қайтиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ бош инфекционисти Энтони Фаучи MSNBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: Reuters

У АҚШда барча фойдаланиши мумкин бўлган вакцина шу йилнинг охирига ёки кейинги йил бошига бориб пайдо бўлиши тўғрисидаги аввалги прогнозларини тасдиқлади.

«Бутун мамлакат бўйлаб аҳолининг катта қисмини вакцинация қилиш қачон бошланиши тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу 2021 йилнинг ўрталари ёки охиридан олдин содир бўлмаса керак. Коронавирус пандемиясигача бўлган нормал даврга эса 2021 йил охирларига бориб қайтамиз», — дейди Фаучи.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда 11 сентябрь ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 6,4 миллион кишини ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар мамлакатда 192 мингдан ортиқ бемор COVID-19 қурбонига айланган.

Аввалроқ АҚШ мамлакатда пандемия туфайли юзага келган тушкунлик ва умидсизликка барҳам бериш учун 250 миллион доллар сарфлашга қарор қилгани тўғрисида хабар берилганди.