BMW компанияси интерьери япон нақшлари билан қўлда безатилган 8-Series Gran Coupe махсус версиясини яратди. Одатдаги седанлардан ўзига хос салон қисми, қора-кўк рангли кузови билан ажралиб турувчи мазкур «саккизлик»дан уч нусха ишлаб чиқарилган, деб хабар беради Motor.
BMW 8-Series Gran Coupe Kyoto Edition’ни ташқи томондан марказий устунидаги BMW Individual Manufaktur ўйма нақшларидан ва 20 дюймли хромланган дискаларидан ажратиб олиш мумкин. Седаннинг асосий дизайнерлик янгилиги — ичида.
Марказий консоль олд ва орқа томондан япониялик рассом Шихо Окада томонидан қўлда безатилган. Нақш «Югуриш санъати»нинг рамзини ифодалайди. Таъкидланишича, Киото услубида идиш-товоқларга нақш чизиш технологияси эрамиздан олдин пайдо бўлган, бундан 1,5 минг йил олдин эса аристократлар орасида лакланган маҳсулотлар оммалашган. Анъанавий япон маданияти нақшлари ва BMW технологиясининг уйғунлиги — «янги ҳашамат»ни пайдо қилган.
BMW 8-Series Gran Coupe Kyoto Edition салонининг бошқа ўзига хос жиҳатлари — икки хил рангли чарм билан қопланган ўриндиқлар, иккиталик панорама том ва шойидан ишланган ёстиқлар.
Kyoto Edition модели техник жиҳатдан М850i xDrive Gran Coupe’дан фарқ қилмайди: капот остидан 530 от кучига эга 4,4 литрли бензин битурбосаккизлик ўрин олган бўлиб, у 8 поғонали автомат узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади.
BMW’нинг Япониядаги расмий сайтида махсус версияни 21,5 миллион иенага (202 минг доллар) харид қилиш мумкин. Таққослаш учун, оддий BMW М850i xDrive Gran Coupe Японияда 17,23 миллион иена (162 минг доллар) туради.
Изоҳ (0)