Тошкент – Самарқанд йўналишининг Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтган қисмида юк машиналарининг ҳаракат йўналишига ўзгартириш киритилади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига таяниб «Kun.uz» хабар қилди.
М-34 «Тошкент-Душанбе» автомобиль йўлининг Сирдарё туманидан ўтувчи 90-километрида жойлашган «Шўразак» коллектори устидаги темир-бетон кўприкнинг юк кўтариш қобилияти пасайиб, таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Келгусида содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида оғир юк ташувчи транспорт воситаларининг ушбу кўприк орқали ҳаракатланиши тақиқланди. Мазкур турдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналиши ўзгартирилди.
Халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобиль йўлининг 871-километри орқали Сирдарё вилояти ҳудудига кириб келган оғир турдаги юк транспорт воситалари қатнови 4Р26 «Сирдарё – Деҳқонобод – Қиёт – Бекобод» йўналиши бўйича А-373 «М-39 автойўли – Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон ва Андижон орқали Ўш» автомобиль йўлининг 58-километрига чиқиб ҳаракатланишни давом эттиришлари мумкинлиги белгиланган.
Икки ой муддатда ушбу темир-бетон кўприкнинг бир томонини автотранспорт воситалари қатнови учун таъмирлаб, фойдаланишга топшириш учун Сирдарё вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига юклатилган.
Қайд этилишича, кўприк тўрт ой муддатда тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Изоҳ (0)