«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси «Манчестер Сити»га эгалик қиладиган City Football Group билан келишувга эришди. Бу ҳақда Daily Record’га асосланиб Sport24 хабар қилмоқда.
Манбада айтилишича, томонлар 700 миллион евролик шартнома борасида келишувга эришган. 33 ёшли футболчи уч мавсумни «Манчестер Сити» сафида ўтказади, шундан кейин Лео «Нью-Йорк Сити» сафига йўл олади ва у ерда икки йил ўйнайди.
Таъкидланишича, Мессига компаниядан улуш таклиф қилинган, бироқ футболчи City Football Group акциялари билан боғлиқ қийин вазият сабаб пул билан ҳисоб-китоб қилишларини исташи мумкин.
Аввалроқ «Манчестер Сити» Мессининг трансферига пул сарфлашга тўғри келадиган бўлса, ушбу трансфердан воз кечиши ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик «шаҳарликлар» устози Хосеп Гвардиола аргентиналик футболчи «Барселона»да қолишни маслаҳат бергани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мавзуга доир:
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)