ПСЖ клуби «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес учун курашга қўшилди.
Парижликлар 33 ёшли футболчига сўров юборган, дея хабар қилмоқда журналист Танкреди Палмери. Таъкидланишича, ПСЖ ҳужумчиси Неймар «Барселона»даги собиқ жамоадошини Францияга олиб келишда парижликларга ёрдам беради.
Бундан ташқари, Париж клуби уругвайлик футболчини юқори маош (йилига 20 миллион евро) таклиф қилган ҳолда ўзига жалб қилмоқчи.
Аввалроқ Суарес «Ювентус» билан шахсий шартнома борасида келишиб олгани ва Турин клубида йилига 10 миллион евро маош олиши хабар қилинганди.
«Барселона»нинг янги бош мураббийи Рональд Куман Суаресни ўз режаларига киритмаяпти. Шу сабаб Луис амалдаги шартномаси тугашига бир йил қолганида клубни текинга тарк этиши мумкин.
Суарес 2019/20 йилги мавсумда «кўк-анорранглилар» сафида 36 ўйин ўтказиб, 21 гол урди ва 12 та голли узатма амалга оширди. Футболчи 2014 йилдан буён «Барселона»да тўп суриб келади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)