Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокурори Хўжаев Ойбек Отаназарович вафот этгани хабар қилинганди. ЎзАънинг хабар беришича, Хўжаевда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бемор маълум вақтдан буён касалликдан даволанаётган бўлган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Аввал ҳокимлик прокурорнинг ўлими сабаби ҳақида маълумот бермаган. «Дарё» мухбири сўровига жавобан бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини билдирган эди. Самарқанд вилоят прокуратурасига берилган саволлар ҳам очиқ қолаётгани қайд этилганди.

Ойбек Хўжаев 1976 йил Хоразмда туғилган ва 2018 йил ноябрь ойидан буён Каттақўрғон тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётганди.

Маълум бўлишича, прокурорнинг жанозаси 2 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида бўлиб ўтади.

Фото: Каттақўрғон туман ҳокимлиги

Аввал ҳам Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратураси бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов,  Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ССВ шу вақтга қадар мазкур ўлим ҳолатларини расмий статистикага қўшмай келмоқда.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 324 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этгани ҳақида хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони Ойбек Хўжаевнинг вафотини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 336 нафарни ташкил этмоқда.