Экология ва коронавирус пандемияси инсонларни нимадан нафас олаётгани борасида ўйланишга мажбур қилди. LG компанияси бу каби вазиятда инсоннинг ўпкасини ортиқча элементлардан ҳимоя қилиш учун унинг юзига ҳаво тозалагич тақиш энг мантиқий ечим деган қарорга келди. Шу сабабли ишлаб чиқарувчи PuriCare Wearable Air Purifier номли махсус ниқобни яратди, деб хабар беради Engadget.
Қурилма учта тезлик режимида ишлайдиган бир жуфт вентилятор ва уйдаги хона тозалагичларнинг муқобили бўлган фильтрлар билан жиҳозланган. Бу ерда «ақлли» функция ҳам мавжуд: датчиклар инсон қандай тезликда нафас олиб чиқараётганини кузатиб, вентилятор айланиш тезлигини шунга мослаб туради.
Ниқоб бир неча соат узлуксиз ишлашга мўлжалланган. Аккумулятор сиғими — 820 мА/соат. Бу саккиз соатга етиши керак.
Ниқоб жамланмасидан уни сақлашга мўлжалланган ғилоф ҳам ўрин олган бўлиб, унинг ичига дезинфекция қилиш учун ультрабинафша диодлар ўрнатилган. PuriCare Wearable Air Purifier’ни, шунингдек, смартфонга улаб қўйиб, фильтрларни алмаштириш вақтини кузатиб борса бўлади. LG’нинг таъкидлашича, қурилманинг ҳар бир таркибий қисмини алмаштириш ёки қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирча PuriCare Wearable Air Purifier нархи ошкор этилмаган. Тахминларга кўра, ишлаб чиқарувчи ўзининг янги технологияси ҳақида сентябрь ойида ўтказиладиган IFА анжуманида маълум қилади.
Аввалроқ Тошкентдаги Инҳа университети талабалари сенсорли «ақлли» ниқоб ихтиро қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)