Москвада барча мунтазам троллейбус маршрутлари 25 августдан бошлаб электробус ва автобусларга ўзгартирилди. Бу ҳақда «Мосгортранс» бош директори Леонид Антоновга таяниб «ТАСС» хабар берди.
Россия пойтахтида троллейбуслар ҳаракатланган сўнгги маршрутлар — М4, 28, 59, 60, 64, 72-сонли йўналишлар эди.
«Троллейбуслардан воз кечиш қарорини қабул қилиш осон бўлмади, бироқ биз тушунамиз — бу олдинга қадам. Келажак электрда ҳаракатланувчи инновацион транспортларники», — дейди Антонов.
Унинг сўзларига кўра, Москва мэрияси «ҳурмат юзасидан» шаҳарда битта троллейбус маршрутини — «Комсомол» майдонидан Новорязан кўчаси бўйича ҳаракатланувчи йўналишни бутунлай қолдириш ниятида. Айнан ушбу йўналиш бекорга танланмаган — Новорязан кўчасида 1937 йилнинг июнида иккинчи троллейбус парки очилган.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йил январь ойида Жиззах ҳамда Наманган вилоятларида, 2010 йил 1 майда эса Тошкент шаҳрида троллейбуслар қатнови тўхтатилган. Троллейбуслар экологик жиҳатдан зарарсиз бўлса-да, текис ва равон йўл, мустаҳкам тортилган электр симларни талаб этади. Шу боис, иқтисодий жиҳатдан серхаражат бу транспорт воситасидан пойтахтда воз кечилган.
Изоҳ (0)