Охирги йилларда Ўзбекистонда туяқуш бизнеси билан шуғулланувчилар сафи тобора кенгайиб, ушбу соҳа янада ривожланмоқда. Наманган вилоятининг Чуст туманидаги «Тепақўрғон» маҳалласида яшовчи Шавкат Ғойибназаров ҳам бу борада ўзига хос муваффақиятларга эришган ишбилармонлардан. «Дарё» мухбири вилоятга қилган сафари давомида туяқушларни уй шароитида боқиш ва кўпайтиришни йўлга қўйган Straus farm Chust МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.

Фото: «Дарё»

- Паррандалар ичидан нега айнан туяқушни танлаб, тадбиркорлик фаолиятингизни бошлашга қарор қилдингиз?

- Интернет орқали туяқушдан яхши даромад топиш мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўлгач, менда унга нисбатан иштиёқ уйғонди. Ушбу парранда турининг тез кўпайиши, тез катта бўлиши, сифатли тери, гўшт ва тухум бериши мени янада қизиқтирди. Бундан ташқари, унинг киприги, тирноғи, тухуми, ҳатто тухум пўчоғи ҳам даромад келтираркан.

2017 йили Риштон туманидаги Straus farm Ўзбекистон—Буюк Британия қўшма корхонасидан 36 бош туяқуш жўжаларини олиб келдим. Бир неча ой мобайнида туяқуш боқиш қўлимдан келишига ва шу ишни давом эттиришим мумкинлигига ишонч ҳосил қилдим. Сўнгра Чирчиқ шаҳридаги фермадан 21 бош туяқуш сотиб олдим. Ҳозирда йигирмадан зиёд она туяқуш ва олтмишга яқин жўжаларни парвариш қиляпмиз.

Фото: «Дарё»

- Туяқушни жуда ҳам нозик жонивор, дейишади. Уни парваришлаш анча машаққатли бўлса керак...

- Паррандалар ичида энг бақувватини туяқуш, дейиш мумкин. Касалликларга ўта чидамли ва иммунитети жуда юқори бўлади. Уни парваришлашда зийрак бўлиш лозим. Жўжалари тўрт ойлик бўлгунига қадар ўстириш мураккаб. Шу давр ичида нобуд бўлиш эҳтимоли катта.

Туяқушларга ҳеч қандай вакцина, антибиотик ишлатмаймиз. Жўжа вақтида ёш организм деб, озроқ шамоллашининг олди олинади, витаминлар берилади. Лекин бу дори сифатида эмас. Унинг кўриниши баҳайбат бўлгани билан кунлик озуқаси икки килога тенг. Жўжалари 200 граммдан емак ейди. Беда, соя, буғдой каби қишлоқда мавжуд маҳсулотлар асосий озуқа ҳисобланади.

Фото: «Дарё»

Туяқуш товуқ, қора мол, қўй сингари жониворлардан фарқ қилади ва парваришлашда ҳам ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу паррандага меҳр бериш керак. Рационига қатъий амал қилиш талаб этилади. Туяқушни тушуниб боқмаган одам эплолмайди. Озгина бўлса-да, боқиш сир-асрорларини ўрганиши зарур. Буларга шароит яхши бўлса, ўлмайди, аксинча, мўмай даромад келтиради.

- Ўзбекистоннинг иқлим шароити туяқушларга тўғри келадими?

- Бу қушлар иссиқ иқлимга мослашган. Шу боис бизнинг табиатимиз ҳам уларнинг яшаши ва кўпайиши учун қулай ҳисобланади. Кўплаб хорижлик мутахассислар билан гаплашганимизда туяқуш боқиш учун Ўзбекистондек қулай минтақа йўқлигини таъкидлашган. -20 даражадан +70 даражагача бўлган шароитда бемалол ўсиб-улғаяди. Совуққа ҳам, иссиққа ҳам жуда чидамли. Фақат устидан ёмғир ва қор ўтмаса бўлди.

Фото: «Дарё»

- Straus House МЧЖ таъсисчисининг мижозларни чув туширгани ва унинг озодликдан маҳрум этилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу сизнинг фаолиятингизга таъсир кўрсатдими?

- Мазкур компания раҳбари одамларга туяқуш жўжаларини олиб келиб бераман, дея алдагани учун жазоланди. Бу эса албатта, мен каби тадбиркорлар фаолиятига таъсир қилди ва ҳалигача таъсирини кўрсатяпти.

Бошида кўпчилик туяқуш яхши даромад келтиришига қизиқди. Ҳозир ҳам уйимизга жўжалар сўраб мурожаат қилувчилар жуда кўп. Аммо Straus House билан боғлиқ шов-шувлардан сўнг айрим фуқароларда ишончсизлик кайфияти шаклланди. Туяқушчилик Ўзбекистон учун қайсидир маънода янгилик бўлгани учун аҳолида «Туяқуш боқадиганлар мижозларни алдашаркан», деган фикр туғилди, иккиланиш пайдо бўлди.

Фото: «Дарё»

- Фаолиятингизда экспортга қай даражада аҳамият қаратилган?

- Бу жониворларни уй шароитида ҳам парваришлаш мумкинлигини ўз мисолимда кўрдим. Хонадонимизда замонавий инкубаторлар ташкил этилган ва туяқуш жўжаларини очириш йўлга қўйилган. Тухумларни сақлаш ва жўжалар боқишга барча шароитлар етарли.

Жорий йил бошида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшни давлатлар ва ўзимизнинг вилоятда яшовчи туяқуш боқишга қизиқувчилар жўжаларни уйимиздан харид қилиб, олиб кетишди. Ҳозирги карантин даврида эса сотганимиз йўқ. Фаолиятимиз кенгайиб, кластерга айлангач, жўжалар савдосини тўхтатиб, фақат сўйиб, гўштини экспорт қилишни режалаштиряпман.

Фото: «Дарё»

- Туяқушчилик кластери қачон ўз ишини бошлайди?

- Ўтган йилнинг сентябрида ҳокимият томонидан 5,5 гектар ер майдони ажратилди. Туманимизнинг янги ҳокими Бекзод ака бир неча маротаба уйимизга келиб, фаолиятим билан яқиндан танишди ва кластер ташкил қилиш таклифини билдирди. У ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти.

Фото: «Дарё»

Лойиҳа қиймати 4 миллиард сўм бўлиб, 2 миллиард сўми ўз ҳисобимдан. Қолган 2 миллиардни олиш учун тумандаги бир қанча тижорат банкларига мурожаат қилдим. Улар карантин чоралари юмшаганидан кейин амалий ёрдам беришларини таъкидлашди. Агар мен август ойи якунигача кредит олсам, қурилиш ишларини тезда бошлаб юборардим. Совуқ кунлар бошланмасидан ҳаммасига улгуришим керак.

Кластер сифатида фаолиятимни бошласам, даромадга киришим учун бир йил вақт кетади. Чунки инкубатордан чиққан жўжалар 365 кунда гўшт берадиган даражада тош босади. 50 дан ортиқ ишчи ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.

Фото: «Дарё»

- Туяқуш терисидан оёқ кийим ишлаб чиқаришга ҳам қизиқиб кўрдингизми ҳеч?

- Албатта. Ўтган вақт ичида 3 бош туяқуш сўйдик. Қизиқишим устунлик қилиб, уларнинг терисидан косиблар ёрдамида ўнлаб оёқ кийимлар ишлаб чиқардик. Кластер ишга тушгач, бу борада ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқчиман.

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.