Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатда ходимлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш, уларга тазйиқ ўтказишнинг олдини олишга қаратилган чоралар ҳақида гапириб берди.

Фото: «Дарё»

Вазирнинг таъкидлашича, шу йил 30 майда Андижон шаҳрида, январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар кечириб бўлмас ҳолатдир. Бу тизим шаънига катта доғ туширган.

«Уларнинг хатти-ҳаракати — халқнинг кенг муҳокамасига, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига ва тизимда ҳалол ишлаётган минглаб ходимлар меҳнатини пучга чиқаришга сабаб бўлди.

Барчанинг эътиборини шунга қаратмоқчиманки, агар ички ишлар бўлимига олиб келинган шахсга нисбатан жароҳат етказилганлиги аниқланса, бу фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланади. Зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилади.

Илгари бундай салбий ҳолатлар оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмасди, аҳоли хабардор этилмасди ва бу бизнинг фаолиятимизга холис баҳо беришга қайсидир маънода тўсқинлик қиларди.

Ички ишлар органлари ходимлари орасида, афсуски, ўзиникини тўғри деб билиб, нотўғри йўлдан бораётган, ўз манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўядиган, адашган ходимлар ҳам учрамоқда. Бундайларни аниқлаб, тизимдан бўшатяпмиз, уларнинг раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар кўряпмиз», — дейди вазир.

Унинг айтишича, 2020 йилда бевосита вазирликнинг ўз хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун материаллар прокуратура идораларига юборилган.

Шу йилнинг ўтган даврида ички ишлар вазири, вазир ўринбосарлари, вазирликнинг соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳар бири жойларда 2-3 марта энг қуйи бўғинда хизмат қилаётган сафдор ходимларгача бўлган даражадаги шахсий таркиб билан тарбиявий-профилактик йиғилишлар ўтказган.

Тадбирларнинг якуни бўйича хизмат интизомини бузувчи 822 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари меҳнат жамоалари ва ходимларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирокида кўриб чиқилди. Натижада 173 нафари тизимдан бўшатилди, 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 65 нафар раҳбарлар ротация қилиниб, бошқа лавозимларга ўтказилди.

Шу билан бир қаторда ўзининг кундалик хизмат фаолияти давомида бошқаларга намуна бўлиб келаётган ходимларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурномалар эълон қилинди.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўймаслик мақсадида барча ички ишлар органларида жами 473 та алоҳида махсус хона ташкил этилди. Ҳозирда уларнинг барчаси узлуксиз ишлайдиган видео ва овоз ёзиш мосламалари билан таъминланган.

Эндиликда ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир фуқаро билан фақат шу хонада суҳбат ўтказилиши ва сўроқ қилиниши ҳамда ушбу жараён видеокамераларга узлуксиз ёзиб олиниши қатъий белгилаб қўйилди. Бу ишлар учун жойлардаги ички ишлар органининг биринчи раҳбари ва тергов бўлими бошлиғи шахсан масъул этиб белгиланиб, жараён қаттиқ назоратга олинди.

Бугунги кунда амалиётда учраётган муаммолар ҳамда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш натижасида, тергов сифатини ошириш мақсадида ёш терговчиларни камида икки ой давомида суд амалиётини ўташ тартиби жорий этилмоқда. Натижада терговчи суд муҳокамасида юзага келаётган муаммоли вазиятларни ўз кўзи билан кўриб, келгусида терговни ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб боришда эътиборга олиши лозим бўлган барча жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади. Муҳими, мазкур амалиёт процесс иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш учун замин яратади.

Пўлат Бобожонов, ички ишлар вазири

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди. Бош прокуратура айни иш доирасида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида 27 июнь куни жиноятга алоқадор деб топилган яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинганини маълум қилган.