Бухоро вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг нима учун Тошкентдаги шифохонада даволанаётганига изоҳ берди.

Фото: «Дарё»

«Бухоро вилояти ҳокимининг Тошкентдаги шифохонада муолажа олаётганлиги ижтимоий тармоқларда турли мунозаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, нега Карим Камолов вилоятда эмас, пойтахт шифохонасида даволаняпти, бу ҳолат вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик эмасми, мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда 2020 йилнинг 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган. Агар Карим Камолов маҳаллий шифокорлар ва шифохоналарга ишончи бўлмаганида ўша заҳотиёқ пойтахтга борган бўларди!», – дейилади хабарда.

Ҳокимлик ахборотида Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги тиббиёт бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида экани эслатилган.

«Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт бош бошқармасининг талабига кўра, Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди. Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради», – дея хабар қилган Бухоро вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати.

Карим Камоловдан ташқари Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовда коронавирусга чалингани тасдиқланган (Сурхондарё ҳокими ҳам Тошкентда даволанмоқда). 31 июлда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этган, 30 июлда унинг аҳволи оғир деб баҳоланган ва сунъий нафас олиш аппаратига улангани айтилганди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Ерниёзовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллаган.

Навоий вилояти ҳокимлиги 31 июль куни вилоят раҳбари Қобул Турсунов сўнгги тўрт кундан бери Тошкентда даволанишда экани ҳақида хабар берган, бироқ унинг айнан қайси касалликдан даволанаётганига аниқлик киритмаганди. Кейинчалик Турсуновнинг коронавирусга чалингани ва Тошкент шаҳрида даволанаётгани маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев, давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабековда ҳам коронавирус инфекциясидан даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди. 29 июль куни Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этгани маълум бўлган эди.