Президент Владимир Путин Россия мусулмонларини Қурбон ҳайити байрами билан табриклади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
«Мусулмонлар мамлакатимизнинг маданий хилма-хиллигини сақлашга салмоқли ҳисса қўшиб, жамиятда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиб келмоқда», — дейди Россия президенти.
Шунингдек, у мазкур байрам тақводорлик, адолат ва раҳмдиллик каби юксак маънавий идеалларга садоқат рамзи эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Мисрдаги «Дорул Ифто» фатво ҳайъати томонидан ҳижрий 1441 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоб бўйича 22 июль кунига тўғри келгани эълон қилинган эди. Шу муносабат билан 31 июль Зулҳижжа ойининг 10-куни бўлиб, ислом оламидаги энг улуғ байрам Қурбон ҳайитининг биринчи куни этиб белгиланган.
Коронавирус пандемияси сабаб Россияда ҳайит намозларини ўқишга чеклов жорий этилган. Москвада Қурбон ҳайити намози фақат жоме масжидида ўқилиши ва унда фақатгина диний идора вакиллари иштирок этиши белгиланган эди.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
- «Бугун иш жойида қолишга мажбур бўлаётган барчага минг раҳмат». Саида Мирзиёева Қурбон ҳайити билан табрик йўллади
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси пандемия вақтида Қурбон ҳайити намози мусулмонлар зиммасидан соқит бўлганини маълум қилди
Изоҳ (0)