Украина разведкаси Россиянинг К-555 “Княз Пожарский” стратегик атом сувости кемаси ҳақидаги айрим маълумотларни қўлга киритди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Қўлга киритилган ички ҳужжатларда кеманинг техник хусусиятлари ва ташкилий тафсилотлари акс этган. Сувости кемаси ўтган ҳафта охирида Мурманск вилоятидаги Гаджиево шаҳридаги асосий базасига етиб келган. Ҳужжатлар таркибида экипаж учун жанговар йўриқномалар, кемани жанговар бошқариш схемаси, муҳандислик ҳужжатлари, бўлинмаларни герметизация қилиш схемалари, кема жадвали ҳамда шахсий таркиб рўйхати мавжуд. Уларда жисмоний тайёргарлик баҳоси, лавозимлар ва малака кўрсаткичлари ҳам қайд этилган.
Разведка маълумотларига кўра, ушбу ҳужжатлар нафақат “Княз Пожарский” сувости кемасининг ўзига хос жиҳатларини аниқлаш, балки Россиянинг ядровий триадасининг муҳим қисми бўлган “Борей-А” туридаги бошқа ракета ташувчиларнинг техник хусусиятлари ва заиф томонларини ҳам баҳолаш имконини беради. Кема 16 та “Булава” баллистик ракетасини учириш мосламасига эга бўлиб, ҳар бири бир нечта ядровий каллаклар билан жиҳозланиши мумкин.
Суратда сувости кемасининг конструкция элементлари, жумладан, эҳтимолий нуқсонлар ёки коррозия излари тасвирланган. Экипажнинг айрим аъзолари бўйича жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари паст экани аниқланган, бу айрим бўлинмаларнинг етарлича жанговар тайёргарликка эга эмаслигидан далолат беради.
Изоҳ (0)