Хитойда чивин чақиши орқали юқадиган чикунгуня вируси тез суръатда тарқалмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бу касаллик Ўзбекистонга хавф солмаслигини маълум қилди.

“Хитойда тарқалган чикунгуня безгаги Ўзбекистонга хавф солмайди. Ушбу касалликни тарқатувчи Aedes aegypti ёки Aedes albopictus чивинлари республикамиз табиатида учрамайди”, дейилади қўмита муносабатида.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини билдирди.
Чикунгуня вируси биринчи марта 1952 йилда Танзанияда аниқланган. Кейинчалик у Африка ва Жануби-шарқий Осиёга тарқалган. Ҳозирда бу вирус 110 дан ортиқ давлатда қайд этилган. ЖССТга кўра, вируснинг олдини олишнинг энг самарали усули — чивинлар кўпаядиган турғун сув ҳавзаларини йўқ қилишдир.
BBC маълумотларига кўра, Гуангдонг провинциясида ушбу касалликка чалинганлар сони 7 мингдан ошди. Энг кўп касаллик қайд этилган ҳудуд Фошан шаҳри бўлиб, бу ерда беморлар касалхонага ётқизилганидан кейин, тест манфий натижа кўрсаца ёки бир ҳафта ўтгач чиқариб юборилмоқда. Ушбу вирус одатда иситма ва кучли бўғим оғриғига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда бу оғриқ йиллар мобайнида ҳам давом этиши мумкин.
Сўнгги ҳафтада мамлакатда деярли 3 мингта янги ҳолат аниқланган. Вирус инфекцияланган одамни чаққан чивин орқали тарқалади. Шунга қарамай, Хитойда бу вирус юқумли эмаслиги ҳақида расмий баёнот берилган. Расмийларга кўра, касалларнинг 95 фоизи бир ҳафта ичида соғайиб кетмоқда. Аммо касаллик ҳақидаги маълумотнинг камлиги одамлар орасида хавотир келтириб чиқарган.
Изоҳ (0)