Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистондаги эпидемиологик вазиятга оид муаммоли масалалар юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар беради Tengrinews.
Мамлакат бош вазири Асқар Мамин президентга 5 июлдан бошлаб қатъий карантин чоралари жорий этилгач, янги касалланиш ҳолатлари 29 фоизга камайганини маълум қилган. Касаллар сони суткасига 1500—1600 киши даражасида барқарорлашган. Стационарлар юкламаси 43 фоизга, реанимацияларда эса — 27 фоизга камайган. COVID-19’дан соғайганлар сони 63 фоизга ошган, тез ёрдам чақиришлар сони камайган.
Шундай қилиб, соғлиқни сақлаш тизимида асосий юклама кўраткичларининг пасайишига эришилган.
Асқар Мамин, шунингдек, Қозоғистон президентига вазият юзасидан кунлик ўтказилаётган мониторинглар, касалланиш ва ўлим ҳолати, тиббиёт ёрдам кўрсатиш сифати, аҳолини тестдан ўтказиш даражаси, дори воситалари ва тиббиёт қурилмалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берган.
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Алексей Сой Тўқаевга инфратузилма объектларининг эпидемиологик вазият ва иқтисодиётга таъсирини ҳисобга олган ҳолда карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш усуллари тўғрисида маълумот бериб ўтган.
Давлат раҳбари коронавирус инфекцияси оқибатида юзага келаётган ўлим кўрсаткичини янада камайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.
«Июль ойида жорий этилган чекловларнинг ижобий таъсирини янада кучайтириш ҳамда Қозоғистон ва қўшни давлатлардаги эпидемиологик вазиятнинг мураккаблашишини ҳисобга олган ҳолда, Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат комиссиясига карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш орқали икки ҳафтага узайтириш бўйича топшириқ берди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қозоғистонда 3 августдан карантин чекловлари енгиллаштирилиши кутилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 5 июлдан бошлаб икки ҳафтага қатъий карантин режими жорий қилинган. 13 июль куни эса Қозоғистонда коронавирус қурбонларини хотирлаш куни дея эълон қилинганди. Кейинроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда карантин чекловлари июль ойининг охиригача узайтирилишини маълум қилганди.
Изоҳ (0)